Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Миллат фожиаси

Баҳо:
+1 | -

("Пахтакор"нинг ҳалок бўлган ўйинчилари хотирасига бағишланади)

Ёмғирлар қуяди. Қор ўтар ёғиб...
Мен-чи, топганим йўқ, ҳануз юпанч сўз.
Шаҳар ўртасида фалакка боқиб,
Киприк қоқмай ётар, Умидвор бир кўз.
(Усмон Азим)

Ҳа, ўша машъум фожиага ҳам 34 йил тўлибди. "Пахтакор"нинг самога сочилиб кетган 17 юлдузи, уларнинг футболимиз ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида мен катта ёшдаги футбол мухлисларидан эшитганман, газеталардан ўқиганман. Шунингдек, телевидение орқали намойиш этилган дастурлардан ҳам "Пахтакор-79"нинг даҳшатли фожиаси тўғрисида тасаввурга эга бўлганман. Бу воқеа мана неча йиллардан бери менга тинчлик бермай келади, ҳаяжонлантиради, хаёлот уммонига ғарқ қилади, изтиробга солади. Шундан хулоса қилган ҳолда мен буларнинг ҳаммасини бир жумла билан атагим келди - МИЛЛАТ ФОЖИАСИ!

У пайтлар футболни умуман бошқача ўйнашарди. Оила, Ватан, туғилиб ўсган маскан, ота-она, ёр-дўстлар шаъни учун кураш майдонда қизигандан қизирди. Шу кун майдонга тушдингми, 4-5 сўм пулдан қуруқ колишни эмас, эртага юрт олдида, мухлислар олдида юзинг ёруг булишини биринчи ўринга қўярдинг. Сохта шуҳрат орқасидан қувиш тўғрисида-ку гап-сўз бўлиши мумкин эмасди. Ана шундай азиз ВАТАН учун, унинг шуҳрати учун яшил майдонда жавлон урган жамоалардан бири "Пахтакор-79" эди.

Ўзбек футболини дунёга танилишида улкан ҳиссаси бўлган Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб ёзилса кам. 1956 йилда ташкил этилган бу жамоа ўз вақтида собиқ иттифоқнинг олий ва биринчи лигаларида ЎЗБЕКИСТОН номидан муносиб иштироқ этди. Шунинг учун мен ҳозирги кунгача ҳам "Пахтакор"ни яхши кўраман.

Ана шу жамоанинг доимий мухлисиман. Бу жамоада афсонавий Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Ҳамид Раҳматуллаев (уни "ўзбеклар Пелеси" дейишарди), шунингдек, Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Игорь Шквирин, Геннадий Денисов, Андрей Пятницкий, Андрей Якубик, Тўлаган Исҳоков, Вячеслав Бектошев, Василис Хадзипанагиз (Грециянинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси) каби футболимиз ривожига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшган инсонлар ҳамда "Пахтакор-79" тўп сурган. Сиз "Пахтакор-79" жамоаси сафидан кимларнингдир фамилияларини алоҳида ажратиб кўрсатмаганимга ажабланаётгандирсиз. Йўқ! Менимча, бу ерда кимларнидир ажратиб кўрсатсам, ўша "Пахтакор"нинг самога сочилиб кетган 17 ўғлони пок руҳларига нисбатан ҳурматсизлик қилган бўлардим. Ўша жамоа аъзоларининг ҳар бири юракларда абадий яшайди.

Зеро, бугунги ёзмоқчи бўлган мақолам ҳам "Пахтакор-79"нинг фожиали қисмати тўғрисидадир. Футболимиз тарихидаги энг мукаммал жамоа ҳақида мақола ёзишдан олдин бироз ўйга ботдим. Аввало, ана шу жамоанинг шаклланиш тарихи ҳақида фикр билдиргим келди. Юқорида айтиб ўтганимдек, "Пахтакор" турли йилларда собиқ иттифоқ чемпионатининг олий ва биринчи лигаларида кезиб юрди. Масалан, 1976 ва 1977 йилларни тошкентликлар биринчи лигада ўтказишди. У пайтлари футболчилар ҳали ёш, жамоа ҳам энди-энди шаклланаётган эди. 1977 йилда "Спартак" (Москва), "Динамо" (Минск) ва "Таврия" (Симферополь) билан кучлилар сафига қўшилиш учун курашган "Пахтакор" вазифани ажойиб тарзда уддалади. Бу жамоа келгуси йилдан бошлаб  ҳақиқий топ-клуб даражасига етди. Ўзи 1972 йилда жамоага икки ёш иқтидорли футболчи - Михаил Ан ва Владимир Фёдоров қўшилиши билан "Пахтакор"нинг янги авлоди шакллана бошлаганди.

Улар 1979 йилга келиб яхлит жамоа сифатида камолга етиб, олий лигада медаллар учун курашадиган клубга айлангандилар. Ахир таркибда халкаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган футболчилар талайгина эди.  Ўша йили ўз вақтида Киевнинг "Динамо" жамоасида Валерий Лобановскийга ёрдам бериб, катта тажриба тўплаган таниқли мутахассис Олег Базилевич жамоа бош мураббийлигига тайинланди. Дарвозани маҳоратли дарвозабон Сергей Покатилов қўриқлаган бўлса, марказий ҳимояда "Зенит"дан келиб қўшилган Юрий Загуменних ҳаракат қиларди. Загуменних оғир жароҳат олганда докторлар унга "бу жароҳат билан футболга қайтиб бўлмайди" деб ташхис қўйишди. Ҳатто давлатимиз томонидан унга яхшигина пенсия ҳам тайинланди. Аммо ана шундай машаққатни енгиб, футболга қайта олган бу футболчига қойил қолмай иложимиз йўқ.

Жамоанинг плеймейкери, ярим ҳимоячиси ва сардори Михаил Ан нафақат Ўзбекистонда, балки Иттифоқ миқёсида ҳам машхур эди. Уни жарима ва бурчак тўпларининг моҳир устаси, "Пахтакор"нинг юраги сифатида билишарди. Асли корейс миллатига мансуб Миша ёшлар ўртасида Eвропа чемпионатида ғолибликни қўлга киритган Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг ҳам сардори эди. Михаил Собиқ Иттифоқ миллий терма жамоасига ҳам таклиф этилганди. Бироқ ўша  йиллари терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаган В.Лобановский майдон марказини кўпроқ ўзи ишонган "динамо"чиларга топширганди. Шу сабабли Ан кўпроқ захирадан майдонга тўшарди. Айнан шунинг учун бўлса керак, Собиқ Иттифоқ термаси ЕВРО-1976, ЕВРО-1980, ЖЧ-1978 каби нуфузли мусобақаларнинг саралаш босқичидан ўта олмади. Михаил Аннинг техникаси, ўйинни бошқариш қобилияти, майдонни кўра билиши жамоага жуда асқотарди. Айниқса, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишда Анга етадигани йўқ эди. У дўсти Владимир Фёдоров билан биргаликда майдонда бир-бирларини жуда тез тушуниб олишарди. Улар учрашувларда "Пахтакор"нинг ўйинини жуда кучайтириб юбориб, рақибларни саросимага солиб қўярдилар. Владимир ҳам "Пахтакор" етакчиларидан бўлиб ҳужум чизиғининг асосий фигураси эди. У катта тезлик эгаси, курашга чанқоқ, кучли зарба соҳиби эди. Володя дўсти Михаил Ан билан ёшлар ўртасида Eвропа чемпионати бош совринини ҳамда Монреал-1976 Олимпиадасида бронза медални қўлга киритган. Фёдоровнинг ҳужумдаги шериги Виктор Чуркин эди. Унинг маҳоратига барча тан берганди. Юқори техникага эга бўлганлиги учун гоҳида ҳеч ким кутмаган вазиятлардан ҳам гол кирита оларди. Унинг ўша машъум 1979 йилги мавсумда Киевнинг "Динамо" жамоаси дарвозасига бурчак тўпидан (87-дақиқада) урган голини катта ёшдаги футбол мухлислари завқ билан эслашади.

Мен Михаил Ан ҳақидаги яна бир маълумотни айтмай кетдим. У ана шу бурчак тўпидан гол уришнинг ҳақиқий мутахассиси эди. Футболимизда кейинчалик бунақа голлардан бир нечтасини Миржалол Қосимов ижросида ҳам кўрдик. Аммо Михаил Ан, бу алоҳида мавзу. 1977 йилда олий лигага чиқиш учун кураш олиб бораётган "Пахтакор" ўз майдонида Кривой Рогнинг "Кривбасс" жамоасини кабул қилди. Михаил Ан ўша ўйинда нафақат "Пахтакор"нинг, балки бутун футбол тарихи зарварақларидан жой эгаллади. Ўша ўйинда бир эмас, иккита ана шунака бурчак тўпидан ажабтовур гол киритди. Шахсан ўзим мана неча йилдирки, катта футболни кузатиб бораман, бир ўйин мобайнида бурчак тўпидан 2 та гол урилганига гувоҳ бўлмаганман. Шунингдек, жамоада Олим Аширов, Равил Агишев, Шуҳрат Эшбўтаев, Александр Корчёнов, Константин Баканов каби ўз ишининг усталари тўп суришарди.

Ана шу жамоа 1979 йилги мавсумни кўтаринки руҳда ўтказаётган эди. Мухлисларга олам-олам қувонч улашиб, ўзларининг чиройли ўйинлари билан кўпчиликни лол қолдираётган севимли жамоамиз ўзининг сунгги ўйинини Ворошиловграднинг "Заря" жамоасига қарши ўтказди. Шундан сўнг футболчиларимиз навбатдаги тур ўйинини ўтказиш учун Минск шаҳрига йўл олишди. Тошкентда жароҳат олган Геннадий Денисов, Анатолий Могильний, Тўлаган Исоқов, Александр Яновский қолишди. Бош мураббий Олег Базилевич эса жамоадан бир кун олдин Сочи шаҳрига жўнаб кетганди. У ерда рафиқаси дам олаётган эди. Йўл узоқ. Ҳамманинг кайфияти яхши. Жамоа чемпионат ўйинларида кетма-кет чиройли ғалабаларни қўлга киритаётган эди. Айниқса, яқиндагина асосан "Пахтакор" жамоаси футболчиларидан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси собиқ иттифоқ халқларининг Спартакиадасида фахрли ўринлардан бирини қўлга киритганди. "Пахтакор" чемпионатнинг навбатдаги тур ўйинини ўтказиш учун Минскка парвоз қилди. Жароҳат олган яна бир футболчимиз Михаил Ан ўша куни учмаслиги керак эди. Миша шунчаки дўстларини кузатиб қўйиш учун аэропортга келганди. Тақдирнинг хунук ҳазилини қарангки, ҳимоячи Анатолий Могильний кечика бошлайди. "Пахтакор"чилар  унинг урнига Михаил Анни олиб кетишади ва Ан учун бу бошқа жамоадошлари қатори охирги манзил бўлиб колади. Маълум бўлишича, Могильний Ан ўзининг ўрнида ҳалок бўлганини бир неча марта такрорлаган экан. Тақдир 18 ёшли ҳужумчи Сирожиддин Бозоровни ҳам аяб ўтирмади. Ўринбосарлар таркиби билан учиб кетиши лозим бўлган Бозоров ҳам парвоз арафасида кечикди ва асосий таркиб билан Минскка йўл олди. Сочида дам олаётган бош мураббий Базилевичнинг эса ўн ёшли ўғли бетоб бўлиб қолиб, чиптасини кейинги рейсга алмаштирди. Санаторияга келганидан бир неча соат ўтиб Олег Базилевични бош шифокор чақирди ва "Пахтакор" жамоаси фожиали тарзда ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги шумхабарни етказди. Базилевич шу ўтиришда бир соатча жим қолди.

1979 йилнинг 11 август куни Днепродзерзинск осмонида икки ТУ-134 самолёти тўқнашиб кетади. Самолётларнинг бири Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск йўналиши бЎйича ҳавога кўтарилганди. Самолётда 83 нафар йўловчи, улардан 17 таси "Пахтакор" аъзолари эди. Иккинчи самолёт эса Челябинскдан Кишинёвга томон йул олганди. Бу самолётда эса 89 нафар йўловчи бор эди. Икки ҳаволайнери 8400 метр баландликда 90 градусли бурчак остида тўқнашиб кетишди. Миллат фожиасига айланган 1979 йилнинг 11 август куни тарих солномаларидан учмас ўрин олди. Афсус...

Беларус пойтахти Минск ва Олма-отадаги (18 август) ўйинлар бошқа кунга кўчирилди. 17 август куни бутун Ўзбекистон "пахтакор"чилар билан видолашди. Ўша куни ҳалок бўлганлар ҳоки Тошкентдаги Боткин қабристонига қўйилди. Собиқ Иттифоқ футбол федерацияси "Пахтакор"га бир нечта имтиёзлар беришга карор қилди. Жумладан, жамоа ўзини тиклаб олгунча 3 йил мобайнида олий лигани тарк этмайдиган бўлди. Бундан ташкари, чемпионат низомида кўрсатилмаган бўлса ҳам, мураббийларга хоҳлаган жамоалардан ўйинчилар таклиф қилишларига рухсат берилди. Тошкентга бирин-кетин бошқа жамоалардан футболчилар етиб кела бошлашди... Шу билан биргаликда "Пахтакор"га Ўзбекистон жамоаларида тўп сураётган футболчилар ҳам қабул қилинди.

Янгитдан тугилган "Пахтакор" ўзининг биринчи ўйинини 1979 йил 23 август куни Ереванда "Арарат" жамоасига қарши ўтказди. Арманистон пойтахтида мезбонлар меҳмонларни очиқ чеҳра ва юзларида ҳамдардлик ҳис-туйғулари ила кутиб олишди. Ўйин бошланишидан олдин ҳамма ўринларидан туриб сукут сақлаб ҳалок бўлганларни хотирлашди. Ўйинда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. "Пахтакор"нинг ягона голига авиаҳалокатдан кейин Москванинг "Спартак" жамоасидан келиб қўшилган Валерий Глушаков муаллифлик қилди.

Тошкентдаги биринчи ўйин эса 1979 йилнинг 27 август куни ўтказилди. Ўша куни "Пахтакор" стадионига жуда кўп минг сонли томошабинлар йиғилишди. Ҳамманинг нигоҳи яшил майдонда. Гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Ҳамма сукутда. Ҳеч ким бир-бири билан гаплашгиси йўқ. Сўзлашга, бир сўз айтишга ҳатто бағритош инсон ҳам ботинолмайди. Стадионга бошлари эгик ҳолда мотамсаро қадам ташлаб "Пахтакор" футболчилари кириб келишди. Футбол кийимлари ўша-ўша. Кийимларда ўша-ўша "Пахтакор"нинг рамзий белгиси. Рақамлар ҳам ўша-ўша. Фақатгина бундан 19 кун муқаддам мана шу майдонда тўп сурган, мана шу футбол кийимларни кийиб чиққан йигитлар энди йўқ эди. Шу кунгача... айни шу сонияларгача "Пахтакор"нинг ҳалок бўлганига ишонмаганлар... Юракларда тўлиб, бўғизларига тиқилиб турган кўз ёшлар отилиб кетди, таниган-танимаган бир-бирини қучоқлаб, ўкириб-ўкириб йиғлашди. Кимдир акам-укамлади, кимдир боламлади, кимдир дўстим деб бўзлади. Ўйин анча вақт бошланмай турди. Ҳеч ким бошлайин дейишга журъат этолмади. Футболчилар майдон четида туриб қолишди. Улар ҳам йиғлашди. Ўйин бошланишидан олдин бир дақиқа сукут сақланди. Қалбларнинг тўридан унсиз нидолар кўкка отилиб чиқди:  Футболчилар: — дўстлар, энди яшил майдонда қандай қилиб ўйнаймиз? Юраги ёнган ишқибозлар эса: — Жигарларим, азизларим, бу яшил майдонга қандоқ қараймиз, қандоқ қувонамиз, наҳотки, самода мангу қолиб кетганларингиз рост бўлса, — деб кўз ёш тўкишарди.

Ўша куни "пахтакор"чилар марҳум дўстларининг руҳларини шод қилишди. Мамлакат чемпиони Тбилисининг "Динамо" жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. 9-дақиқада меҳмонлар етакчиси Давид Кипиани ҳисобни очган бўлса, 23-дақиқага келиб Термизнинг "Автомобилист" жамоасидан келиб қўшилган Ренат Файрузов ўртадаги мувозанатни тиклади. Ниҳоят 65-дақиқада Одессанинг "Черноморец" клубидан келган Владимир Нечаев "Пахтакор"га ғалаба келтирувчи голни пенальтидан киритди.

Ана шу ўйиннинг тўлиқ статистик маълумотини келтириб ўтишни жоиз деб билдим.

"Пахтакор" (Тошкент) - "Динамо"(Тбилиси) - 2:1.
 Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 27 август 1979 йил. 50000 томошабин.
Хакамлар: В.Баскаков (Москва), А.Богомазов (Фрунзе), А.Хохряков (Йошкар-Ола).
"Пахтакор": Яновский, Нечаев, Эннс, Бондарев, Ширин, Ким, Г.Денисов, Глушаков, Файрузов, Шоймардонов (Убайдуллаев, 70), Церетели (Амриев, 78).
"Динамо" Тб: Габелия, Г.Мачаидзе, Чивадзе, Сулаквелидзе, Чилая, Дараселия, М.Мачаидзе, Какилашвили (Коридзе, 64), Гуцаев, Кипиани, Копалейшвили (Шенгелия, 56).
Голлар: Кипиани (9), Файрузов (23), Нечаев (65, пенальтидан).

"Пахтакор"чилар бу ғалабалари билан куйган дилларга малҳам бўлишди. Гуё: — Ўринларига ўрин бўламиз, йўқликларини билдирмаймиз, — дейишди. Аммо бу ёруғ дунёда ҳар кимнинг ҳам ўз ўрни бор.

Авиация ҳалокатлари тарихига назар ташлар эканмиз, "Пахтакор" сингари такдирнинг аччиқ зарбаларига дучор бўлган бир нечта жамоалар борлигига кўзимиз тушади. Уларнинг орасида "Манчестер Юнайтед" (Англия), "Торино" (Италия), "Грин Кросс" (Чили), "Стронгест" (Боливия), "Альянс" (Перу) каби клублар, шунингдек, Дания, Чили, Замбия каби терма жамоалар бор. 1990 йил Италияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида англиялик машҳур футболчи, 1966 йилги жаҳон чемпиони, "Олтин тўп" совриндори, 58 ёшли сэр Роберт "Бобби" Чарльтон собиқ иттифоқ журналистларининг саволларига жавоб берар экан: "Сизларда ҳозир "Пахтакор"нинг аҳволи қандай? Биз Англияда Тошкентнинг ажойиб жамоасини тез-тез эслаб турамиз. Чунки "Пахтакор" билан бизнинг "Манчестер Юнайтед"имизнинг қисмати жуда Ўхшаш", — деб "Пахтакор" жамоамиз  тўғрисида сўраган экан.

Бундан бир неча йиллар илгари ўзбекистонлик журналист, марҳум Эдуард Аванесов авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлган жамоаларнинг ҳозирги таркиблари ўртасида халкаро хотира турнири ўтказиш тўғрисидаги ташаббус билан чиққан эди. Аммо турли сабабларга кўра бу ғоя амалга ошмай қолди. Бундан ташқари, яқин-яқинларгача "Пахтакор-79" хотира турнири ўтказилиб, финал ўйини 11 август кунига белгиланарди. Бироқ бу мусобақа кейинги йилларда умуман ўтказилмай қўйди. Менимча, Аванесовнинг ўша ғоясини ҳаётга тадбиқ этиб, "Пахтакор-79" хотира турнирини ҳам кичикроқ форматда бўлса ҳам тезроқ тиклаш керак. Биласизми, ўша хотира турнири нуфузи салкам мамлакат чемпионати қаторида турарди. Халқаро турнир ўтказилса-ку, яна яхши. Тасаввур этинг, Тошкентга "Манчестер Юнайтед" келса-я!

Шундай қилиб "Пахтакор-79" ҳақидаги ўзимнинг аламли хотиротларимни баён этиб бўлдим. Мен 10-11 ёшимдан футбол томоша қилишни бошлаган бўлсам, ҳаётимда илк марта мени футболга қизиқтирган  омил ҳам айнан ана шу "Пахтакор-79"нинг авиаҳалокати бўлади. Ана шундан "Пахтакор"нинг ўйинларини қолдирмай кузатиб бордим, бошқа мусобақаларни томоша қилдим: хориж миллий чемпионатлари, Чемпионлар лигаси, Eвропа чемпионати, жаҳон чемпионати ва ҳоказо... Шу-шу футбол деб аталмиш мўъжизавий ўйин ҳаётимнинг мазмунига айланди-қолди. Футбол оламида ҳамма мухлислар қатори менинг ҳам ўзим яхши кўрган жамоаларим бор. Хорижда ҳам, Ўзбекистонда ҳам. Германия терма жамоасини ўзимнинг хориждаги биринчи мухлислик қиладиган жамоам деб билсам, барибир менинг биринчи жамоам бу — "Пахтакор"дир. Мен "Пахтакор"ни жуда қадрлайман.

Юртимиз футболининг юзи бўлганлиги учун, ўзбек футболини дунёга танитгани учун, энг мухими, "Пахтакор-79" учун... Ютса ҳам, ютқазса ҳам халқ жамоаси билан биргаман.  Ўтган мавсумда "Пахтакор"нинг Ўзбекистон чемпиони бўлгани ҳаммадан кўпроқ мени кувонтирди. "Пахтакор"нинг кейинги ишларига омад тилайман. Аллоҳ мададкор бўлсин! Юртимиз футболига янги-янги Красницкийлар, Абдураимовлар, Қосимов, Ан, Фёдоровларни тақдим этсин. Мен эса мақоламга мана бу сўзлар билан нуқта қўйишни жоиз деб билдим: "Пахтакор-79" қалбларимизда абадий яшайди!

Сафарали СИДДИҚОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 09:05, 11.08.2013.
Ўқилди: 13643 марта.
Фикрлар: 59 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.