“Башакшеҳир” сафида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар — Элдор Шомуродов ҳамда Аббосбек Файзуллаев Туркия Суперлигасининг 21-тури доирасида “Эюпспорт”га қарши баҳсда майдонга тушди (2:1). Шомуродов учрашувни тўлиқ ўтказган бўлса, Файзуллаев 65-дақиқада захирага олинди.
Sofascore портали “Башакшеҳир”нинг биринчи голига ассистентлик қилган Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатларини 7,7 балл билан баҳолади. Жамоасининг ғалаба голига муаллифлик қилган Элдор Шомуродовнинг ўйини эса 8,0 баллга лойиқ кўрилди.
Шомуродов ўйин давомида 47 марта тўпга тегинди. У жами 36 та узатма амалга оширган бўлиб, шулардан 31 таси аниқ манзилга етиб борди (86 фоиз). Шунингдек, Элдор “Эюпспор” дарвозасига 6 марта аниқ зарба йўллаган бўлса, 3 таси аниқ манзилга етиб борди. Унинг кутилган голлар (xG) кўрсаткичи 0,88 ни ташкил этди.
Аббосбек Файзуллаев учрашув давомида 49 марта тўп билан муомала қилди. У майдонда бўлган 65 дақиқа ичида 22 та узатма амалга ошириб, уларнинг 16 таси аниқ манзилга етиб борди (73 фоиз). Файзуллаев бир бор дарвозага зарба йўллади. Шунингдек, у 13 марта тўп учун курашга киришиб, 10 ҳолатда ғалаба қозонди. Ҳаводаги баҳсларда эса 4 марта иштирок этиб, 2 тасида рақибларидан устун келди.
“Эюпспор” дарвозабони Жанкат Йилмаз ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. У ўйин давомида иккита гол ўтказиб юборган бўлса-да, 9 та сейв амалга ошириб, ҳисобни йириклашиб кетишини олдини олди. Sofascore портали 21 ёшли кипернинг ҳаракатларини 9,9 балл билан баҳолади. “Башакшеҳир”нинг биринчи голи муаллифи Давие Селке эса Шомуродов билан бир хил баллга лойиқ кўрилди — 8,0.

Маълумот учун, айни пайтда “Башакшеҳир” Туркия чемпионатининг 21-туридан сўнг 33 очко билан турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди. Мағлуб бўлган “Эюпспор” эса 18 очко билан аутсайдерлар сафида қолмоқда.













