Кириш Регистрация

Расман. “Ризеспор” Ҳусниддин Алиқулов билан шартномани узайтирди

Баҳо:
+ | -

Туркиянинг “Ризеспор” клуби сафида уч йилдан буён тўп суриб келаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов билан тузилган шартнома муддати узайтирилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, клуб раҳбарияти футболчи билан шартномадаги яна бир мавсумга узайтириш бандини фаоллаштиришга қарор қилган. Янги келишувга кўра, Алиқулов 2026/27 йилги мавсум якунига қадар “Ризеспор” шарафини ҳимоя қилади.

Клуб расмий баёнотида футболчининг профессионал ёндашуви ва жамоага садоқати алоҳида таъкидланган:

“Клубимиз Ҳусниддиннинг юқори профессионалиги ва жамоамизга бўлган садоқатини инобатга олиб, мавсум якунини кутмасдан шартномани узайтиришга қарор қилди. Унинг қисқа муддатда сафимизга қайтишига ишонамиз ва келгуси фаолиятида омад тилаймиз”, дейилади баёнотда.

Эътиборлиси, мазкур қарор ҳимоячи оғир жароҳат олган бир пайтда қабул қилинди. Футболчи 2026 йил 19 январь куни “Гёзтепе”га қарши учрашувда майдонни жароҳат сабаб тарк этган эди.

Тиббий текширувлар натижасига кўра, 26 ёшли футболчининг чап тиззасида олдинги хочсимон боғлам узилиши, тизза косачасининг ярим чиқиши (пателлар сублуксация), МПФЛ — тизза косачаси боғламининг шикастланиши, шунингдек ички ва ташқи менискларда йиртилиш аниқланган.

Дастлабки тахминларга кўра, тикланиш жараёни 6 ойдан 9 ойгача давом этиши мумкин. Бу эса Алиқулов учун жорий мавсум амалда якунланганини англатади. Шунингдек, узоқ муддатли реабилитация унинг 2026 йил АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатида иштирок этишига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 22:44, 11.02.2026.
Ўқилди: 826 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.