«Реал Мадрид» ҳужумчиси Килиан Мбаппе иккинчи кун кетма-кет жамоанинг умумий машғулотларида иштирок этмади. Бу ҳақда журналист Карлос Родригес ўз ижтимоий тармоқларида хабар қолдирди.
Қайд этилишича, Мбаппени чап тиззасидаги ноқулайлик ҳали ҳам безовта қилмоқда. Бу муаммо унда ўтган йилнинг декабрь ойида тизза боғламлари чўзилганидан бери вақти-вақти билан кузатилиб турибди. Ўшанда футболчи бир неча ҳафтани ўтказиб юборган ва ҳатто Испания Суперкубогидаги иштироки ҳам хавф остида қолган эди.
Шу сабабли, Мбаппенинг шанба куни бўлиб ўтадиган «Реал Сосьедад»га қарши ўйинда иштирок этиши катта сўроқ остида турибди. Клубнинг кечаги маълумотига кўра, Килиан машғулотларни фақат ёпиқ залда давом эттирган. Агар у умумий гуруҳга қайтмаса, мураббийлар штаби уни сешанба кунги ЕЧЛ доирасидаги «Бенфика» билан ўйинга асраб, дам беришлари мумкин.
2025/2026 йилги мавсумда Мбаппе «Реал» учун 31 та ўйинда майдонга тушиб, 38 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.
Ҳозирда Ла Лига турнир жадвалида «Реал» иккинчи ўринда бормоқда ва пешқадам «Барселона»дан атиги бир очко ортда қолмоқда.













