Шанба куни "Манчестер Сити" Англия Кубоги тўртинчи раунди доирасида ўз майдонида тўртинчи дивизион вакили "Солфорд Сити"ни қабул қилди. Учрашувнинг 81-дақиқасида Хосеп Гвардиола жамоаси иккинчи голни уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди. Жарима зарбаси вақтида ҳужумга қўшилган ҳимоячи Марк Гехи гол муаллифига айланди. Гехи дарвозабоннинг сейвидан сўнг қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Бу 25 ёшли Гехининг "Манчестер Сити" либосидаги дебют голи бўлди. Ҳимоячи қишки трансфер ойнасида "Кристал Пэлас"дан "шаҳарликлар" лагерига кўчиб ўтган эди.
"Манчестер Сити" навбатдаги ўйинини 21 февраль, шанба куни Премьер-лига доирасида ўз майдонида "Ньюкасл"га қарши ўтказади.













