“Оқ-тепа” Ўзбекистон Биринчилигининг иккинчи босқич ўйинларини ғалаба билан бошлади.
Тажрибали мураббий Усмон Тошев бошчилигидаги “Спартак” жамоасини қабул қилган тошкентликлар ишончли ғалабага эришди. Беллашув пойтахтликларнинг тўлиқ устунлигида ўтди, десак муболаға бўлмайди. Футболчилар тўқсон дақиқа давомида меҳмонлар дарвозасини ишғол қилиш учун жуда кўп имкониятларга эга бўлди. Хусусан, иқтидорли ярим ҳимоячи Никита Павленко тўрт марта “Спартак” посбони Равшан Абдужабборов қаршисида ёлғиз қолиб, барча вазиятни ҳам кўкка совурди. Қолаверса, Павленконинг бош билан дарвоза томон йўллаган икки зарбаси ҳам ўта хавфли чиқди. Сўнгги дамда омад меҳмонларга кулиб боқди.
Бундан ташқари, биринчи бўлимнинг сўнгги уч дақиқасида дублга эришиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилган ҳужумчи Маъруф Аҳмаджоновда ҳам ҳисобни янада йирикроқ кўринишга келтириш учун имкониятлар етарлича бўлди. Аммо Аҳмаджонов иккитагина вазиятни голга айлантирди. 43-дақиқада ҳужумчи бош билан рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада меҳмонлар сунъий офсайдни ташкил қилишда хатога йўл қўйишди. Натижада Андрей Шашков ўнг қанотдан ҳужумни ривожлантирди ва тўпни жарима майдони ичига етказиб берди. Бу ерда ҳимоячилардан чаққонроқ ҳаракат қилган Аҳмаджонов ҳисобни 2:0 кўриниш олишини таъминлади.
“ОҚ-ТЕПА” – “СПАРТАК” – 2:0 (2:0)
12 август. Тошкент. “Оқ-тепа” стадиони.
Ҳакамлар: Мурод Муҳаммедов (Тошкент вилояти), Александр Сидоров (Тошкент), Суннатилла Каримов (Тошкент), Анатолий Рубаков (Тошкент).
Назоратчи: Андрей Клепиков (Тошкент).
“Оқ-тепа”: Валерий Карпенко, Алишер Алимов (Алексей Локтионов, 84), Вадим Любинский, Дониёр Усмонов, Андрей Шашков, Зокир Мирзааҳмедов, Бобур Абдураҳмонов, Вадим Ничунаев (Шоҳруҳ Пирназаров, 89), Хушнуд Маматов (Азамат Мамажонов, 52), Никита Павленко (Илҳом Ражабов, 76), Маъруф Аҳмаджонов (Шоҳруз Норхонов, 75).
“Спартак”: Равшан Абдужабборов, Баҳодир Рамазонов (Равшан Асланов, 79), Шуҳрат Мусаев, Комил Самиев (Достон Убайдуллаев, 73), Мирислом Ҳасанов, Суҳроб Қобилов, Фирдавс Асадов, Ислом Исоқжонов, Умид Жумаев, Достон Шабонов (Санжар Эсонов, 68), Жаҳонгир Саидов (Азиз Акрамов, 54).
Голлар: Маъруф Аҳмаджонов, 43 – 1:0. Маъруф Аҳмаджонов, 45+1 – 2:0.
Огоҳлантиришлар: Зокир Мирзааҳмедов, 34. Шуҳрат Мусаев, 45+1. Баҳодир Рамазонов, 50. Достон Шабонов, 64.