«Манчестер Сити» ёзда «Ньюкасл Юнайтед»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Тино Ливраментони сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда talkSPORT инсайдерлари хабар бермоқда.
«Шаҳарликлар» анчадан бери футболчининг ҳаракатларини кузатиб боришмоқда. Инглиз гранди Ливраментони мудофаанинг ўнг қаноти учун узоқ муддатли ечим сифатида кўрмоқда. Маълумот учун, ушбу мавсумда мазкур позицияда универсал ярим ҳимоячи Матеус Нунес тўп тепмоқда.
«Ньюкасл» эса ҳали ҳам ҳимоячи билан янги шартнома имзолашдан умид узгани йўқ. Жорий мавсумда Тино Ливраменто 19 та учрашувда майдонга тушди ва ўз ҳисобига битта голли узатмани ёздириб қўйди.













