«Реал» ёзда янги дарвозабон билан шартнома имзолашни режалаштирмоқда.
Журналист Хорхе Пиконнинг маълумотларига кўра, Мадрид клуби Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси посбони Грегор Кобель трансфери вариантини кўриб чиқмоқда. Швейцариялик футболчи «қаймоқранглилар»нинг дарвоза чизиғини кучайтириш йўлидаги асосий мақсади бўлиб турибди.
Грегор Кобель 2021 йилда «Штутгарт»дан «Боруссия» Дортмунд сафига 15 миллион евро эвазига ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган. Жорий мавсумда дарвозабон «арилар» сафида барча турнирларда 36 та ўйин ўтказиб, ўз дарвозасидан 45 та гол олиб чиқди ва 14 та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. «Transfermarkt» портали Кобельнинг нархини 40 миллион еврога баҳоламоқда.













