"Тоттенхэм" бош мураббийи Игор Тудор жамоа дуч келаётган қийинчиликлар ва улардан чиқиш йўллари ҳақида мулоҳаза юритди.
"Майдонга тушиб, прессинг қилиш жуда яхши — услуб ҳақида гапирганда, бу ҳам унинг бир қисми: тўпсиз бўлганда қандай жамоа бўлишни истайсан? Аммо агар ҳимояда ҳаддан ташқари кўп муаммолар юзага келса, услуб ҳақида ўйлаб кўриш керак. Бу тўғри услубми? Бу тўғри йўлми?
Шундай экан, мен оқилона иш тутишим, вазиятни ва очколарни қандай олишни чуқурроқ тушунишим керак. Ҳозир услуб ҳақида ўйлайдиган вақт эмас. Услуб иккинчи даражали бўлиши керак, чунки ҳозир бу ҳаёт-мамот масаласи — агар спорт тилида айтадиган бўлсак.
Муаммо — ўйинчилар етишмаслигида, ихтиёримиздаги футболчилар сонида. Муаммо айнан мана шунда. Бу ерда гап нафақат жисмоний энергия сарфи, балки руҳий энергия ҳақида ҳам кетмоқда. Лигадаги ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг. Бу идеал вазият эмас, лекин бори шу".
— Лигада қолиш учун сизга "хунук" бўлса ҳам ғалабалар керакми?
"Менимча, ҳа, биз айнан шу йўналишда ишлаяпмиз. Италияда шундай ибора бор: сизда кичик жамоа менталитети бўлиши керак.
Италияда биз айтамизки, катта жамоаларга қарши ўйнаганда ҳар доим мотивацияга эга бўлиш — бу муваффақият калитидир. Ҳаммаси шундан бошланади ва биз бу борада кўп ишлаяпмиз. Улар буни тушунишади, албатта, тушунишади".
— Бу сизнинг фаолиятингиздаги энг қийин "қутқарув миссияси"ми?
"Эҳтимол. Агар мавжуд қийинчиликларни ҳисобга олсак, катта эҳтимол билан шундай. Бу вазиятни енгиб ўтиш мен учун янада катта чақириқ ва янада кучли мотивациядир", деди Тудор.













