FIFA 2026-йилги Жаҳон чемпионати ўйинларининг ҳар бир тайми ўртасида ўйинчиларнинг сув ичиб олиши (“cooling break”) учун бериладиган танаффуслар вақтида телерадиокомпанияларга рекламаларни намойиш этишга рухсат беради. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ташкилот ЖЧ-2026 ўйинлари давомида трансляцияни реклама билан тўхтатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу ўзгариш аллақачон трансляция ҳуқуқига эга телерадиокомпания раҳбарлари билан муҳокама қилинган.
2025 йил декабрь ойида эълон қилинганидек, об-ҳаво шароитидан қатъи назар, ҳар бир таймнинг ўртасида уч дақиқалик мажбурий танаффус бўлади. Трансляция вақтида реклама қўйиш амалиёти футбол учун янгилик бўлса-да, бу тажриба баскетбол ва Америка футболида (NFL) кенг қўлланилади. Бу ўзгариш FIFA ва телерадиокомпаниялар учун қўшимча даромад манбаи бўлиши кутилмоқда.
Футбол оламининг бошқарув органи телерадиокомпаниялар билан ушбу ўзгаришни муҳокама қилган ва қуйидаги қоидаларни ишлаб чиққан:
Вақт чегараси: Реклама блоки ҳакам танаффус эълон қилганидан кейин 20 сония ўтгач бошланиши ва ўйин қайта тикланишидан камида 30 сония олдин якунланиши керак. Демак, телерадиокомпанияларда соф реклама учун 2 дақиқа 10 сония вақт бўлади.
Танлов ҳуқуқи: Каналлар рекламага ўтишга мажбур эмас. Улар студиядаги таҳлилни кўрсатиши, ўйин майдонидаги тасвирни қолдириши ёки “экран ичида экран” (split-screen) форматида реклама бериши мумкин.
Ҳомийлик масаласи: Агар телерадиокомпания эфирни тўлиқ узмасдан, экраннинг бир қисмида реклама кўрсатса, у ерда фақат FIFA расмий ҳомийлари реклама қилиниши шарт.
Тўлиқ реклама блоки: Агар канал эфирни бутунлай рекламага йўналтирса, у ҳолда реклама вақтини исталган компанияга сотиши мумкин.













