Суперлиганинг 2-тури доирасидаги «Бунёдкор» — «Динамо» (1:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар устози Вадим Абрамов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Тажрибали мутахассис ўйин ҳақидаги фикрлари ва клубдаги молиявий муаммолар ҳақида очиқ гапирди.
«Иккинчи бўлим валидолга айланиб кетди»
— Баҳсни кўнгилдагидек бошладик. Омадимиз келиб, тезкор иккита гол урдик ва ўйин тақдирини биринчи таймдаёқ ҳал қилиб қўйишимиз мумкин эди. Аммо танаффусдан кейин ўйинимиз қовушмади. Гол ўтказиб юборганимиздан сўнг ҳақиқий «валидол» бошланди. Якунда ғалабани сақлаб қолдик, аммо бундай ўйин билан кейинчалик муаммоларга дуч келишимиз аниқ.
«Хато менда, ўзгаришларни топа олмадим»
— Иккинчи бўлимдаги пасайишга муваффақиятсиз алмаштиришлар сабаб бўлди. Бу менинг айбим. Захирадан тушганлар ўйинни кучайтириши керак эди, лекин марказда назоратни йўқотдик. Натижада рақиб ташаббусни қўлга олди.
«Азизбек Амоновда жароҳат бор»
— Амоновнинг алмаштирилишига кичик жароҳат сабаб бўлди. У «Бунёдкор»га қарши катта иштиёқ билан ўйнади. Баъзи вазиятларда тўпни ўзида кўп ушлаб қолгани учун эътироз билдирдим, лекин у иқтидорли йигит. Унга умид қиляпмиз.
Энг оғриқли нуқта: Молиявий инқироз
— Футболчилар бир неча ойдан бери маош олмаяптими? Ҳа, гапингиз тўғри. Тўрт ойдан буён маош берилгани йўқ. Уларни руҳлантириш осон бўлмаяпти. Умид қиламизки, раҳбарият тез орада бу масалани ҳал қилади.













