Испаниянинг “Барселона” клуби расмий равишда янгиланган “Камп Ноу” стадионида 2029 йилги УЕФА Чемпионлар Лигаси финалини ўтказиш учун номзодлик бераётганини эълон қилди.
Орадан кўп ўтмай, “Барселона” раҳбарияти 2030 йилги FIFA Жаҳон чемпионати финалини ҳам айнан “Камп Ноу”да ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун яширин тарзда иш олиб бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Бироқ бу борада “Реал Мадрид” ҳам курашдан четда эмас. Мадрид клуби турнирнинг энг муҳим учрашуви — финал ўйинини “Сантиаго Бернабеу” стадионида ўтказиш учун ҳаракат қилмоқда.
Қайд этилишича, “Барселона” 2030 йилги Жаҳон чемпионати финалини “Камп Ноу”да ўтказиш борасида “Реал Мадрид”га қараганда устунликка эга бўлиши мумкин.
Маълумки, 2030 йилги Жаҳон чемпионати Португалия, Испания ва Марокаш давлатлари томонидан биргаликда ўтказилади. FIFA ҳозирда финал учун учта асосий вариантни кўриб чиқмоқда: “Сантиаго Бернабеу”, “Камп Ноу” ва Касабланкадаги “Ҳассан II” стадиони. Якунда айнан шу стадионлардан бири танланади.
Шу муносабат билан Барселона шаҳри мери Жауме Cоллбони Каталония пойтахти 2030-йилги Жаҳон чемпионати финалини ўтказиш учун курашни давом эттиришини яна бир бор тасдиқлади.
Барселона шаҳри FIFA учун кўплаб афзалликларга эга. Гарчи ҳозирча фаворит сифатида “Сантиаго Бернабеу” кўрилаётган бўлса ҳам, шаҳар ўзининг кучли далилларига таянмоқда.
Асосий устунликлардан бири — иқтисодий омил. Таъмирлаш ишлари тугагач, “Камп Ноу” сиғими 105 минг томошабинга етади. Бу “Сантиаго Бернабеу”даги 84 минг ўринга нисбатан 21 мингта кўпроқ демакдир.
Сўнгги йилларда йирик футбол тадбирлари учун чипта нархлари кескин ошди. Масалан, АҚШда 19 июль куни “Метлайф” стадионида ўтказиладиган финал учрашуви учун чипталар нархи 3000 евродан юқори бўлади.
Ҳисоб-китобларга кўра, агар финал “Камп Ноу”да ўтказилса, FIFA Мадридга нисбатан 20 миллион евро кўпроқ қўшимча даромад олиши мумкин. Бу эса қарор қабул қилишда муҳим омил бўлиши мумкин.
Касабланкадаги “Ҳассан II” стадиони ҳам номзодлардан бири бўлса-да, у “Камп Ноу” ёки “Сантиаго Бернабеу” каби тарихий футбол нуфузига эга эмас.
Бундан ташқари, Барселона ва Мадрид инфратузилма ҳамда стадионларнинг шаҳар ичида жойлашгани жиҳатидан ҳам устунликка эга. “Ҳассан II” стадиони жуда улкан лойиҳа бўлиши кутилмоқда, аммо у шаҳар марказидан анча узоқда жойлашади.
Испания шаҳарлари эса йирик халқаро тадбирларни ўтказишда катта тажрибага эга ва логистика масалалари ҳам анча қулай ҳисобланади.
Шунингдек, кучли футбол анъаналари ҳам FIFA учун муҳим омил ҳисобланади. Ташкилот сўнгги йилларда Қатар ва АҚШ каби янги футбол бозорлари мундиалга мезбонлик қилганидан сўнг, яна анъанавий футбол марказларини ҳам эътиборга олишни истамоқда.
Якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, бироқ Барселона шаҳри бу курашдан воз кечмоқчи эмас. Ҳозирча эътибор кўпроқ “Сантиаго Бернабеу”га қаратилган бўлса-да, “Барселона” ўз имкониятларини сақлаб қолмоқда.













