“Металлург” – “Бунёдкор” учрашувидан кейин журналистлар “қалдирғочлар” устози Миржалол Қосимовни саволларга тутишди.
— Учрашув биз учун яхши бошланган эди. Ўйин стартидаёқ Лутфулла Тўраев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоамизни олдинга олиб чиққанди. Шундан кейин ҳам бизда яхши вазиятлар бўлди, бироқ уларни голга айлантира олмадик. Аксига олиб, майдон марказидаги ҳато эвазига ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Бу эса мезбонларни руҳлантирди. Агарда биз иккинчи голимизни киритганимизда ҳисоб тамомила бошқача тус олиши мумкин эди. Якунда ғалаба қозонганимиздан хурсандман, — деб гап бошлади Миржалол Қўшоқович.
— “Металлург” кўрсатган ўйин ҳақида нималар дея оласиз?
— Бекободликлар ҳар доим пешқадамларга бош оғриқ бўлиб келишган. Бу ерда яхши жамоа шаклланган. “Бунёдкор” Бекободда доимо кучли қаршиликка дуч келади. Умуман ҳеч бир жамоа бу ердан осон ғалаба билан қайтмайди. Шу боисдан ҳам “Металлург”ни ҳурмат қиламан.
— Саҳоб Жўраев яхши футболчи. Аммо оддий вазиятда у қўпол ҳатога йўл қўйди. Бу нима билан боғлиқ?
— Кучли жамоаларга қарши кечган кетма-кет ўйинларимиз оқибатида футболчиларимиздаги руҳий барқарорлик бироз ўзгарди, деб ўйлайман. Саҳоб Жўраев яхши футболчи ва биз унга ишонамиз.
— Сўнгги пайтларда “Бунёдкор” сафида ёш футболчилар тез-тез майдонга тушишяпти. Улар Сизнинг ишончингизни оқлашяптими?
— Ёшлар – бизнинг келажагимиз. Уларни тез-тез майдонга тушириб, яхшилаб тарбияласак, келажагимизга муносиб пойдевор қўйган бўламиз. Илгари футболда ярим ҳимоя чизиғингни кўрсатсанг бутун жамоангга баҳо бераман, деган гаплар бўларди. Ҳозирги замон футболида бу ибора ўзгарган. Энди захира ўриндиғингни кўрсатсанг жамоанг кучини айтиб бераман, дейишяпти. Бугунги “Бунёдкор”нинг захира футболчилари тўлиқ ёшларни ташкил этяпти. Эътибор қаратаётган бўлсангиз, захирадан тўлиқ ёшлар майдонга тушишяпти. Шунинг учун ҳам ўйинимизда барқарорлик доимо бир меъёрда эмас. Ўйлайманки, секин-аста ёшларимиз ҳам стабилликка эриша олишади.