Суперкубок баҳси олдидан Андижон шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов вилоят футболида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида у аввало болалар ва ўсмирлар футболига қаратилган инфратузилмаларни кўздан кечирди. Эрматов футбол мактаби, академия ва ёшлар тайёргарлиги жараёнлари билан танишар экан, бу ерда иқтидорли футболчиларни тарбиялаш учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, ташриф давомида аёллар футболи ривожига ҳам назар ташланди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва жамоалар фаолияти ҳақида масъуллар томонидан маълумот берилди. Эрматов бу соҳадаги ҳаракатларни юқори баҳолаб, аёллар футболи келажаги учун бундай ишлар жуда муҳим эканини таъкидлади.
Ташрифнинг энг таъсирли қисми эса ПФК "Андижон" клубининг янги базаси билан танишув бўлди. Эрматовга миллий терма жамоамиз мураббийлар штаби ҳамроҳлик қилдилар. Замонавий талаблар асосида барпо этилган база меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Эрматов яратилган шароитлар футболчиларнинг ўсиши ва жамоанинг келажакдаги муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади.
Шу ерда Равшан Эрматов жамоа футболчилари билан ҳам учрашиб, уларга бўлажак ўйинларда омад тилади. У футболчиларни юқори мақсадлар сари интилишга чақирди ва мухлислар ишончини оқлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Ташриф давомида Эрматовга клуб раҳбарияти, вилоят футбол ассоциасияси масъуллари ва фан-клуб аъзолари ҳамроҳлик қилдилар. Улар Андижон вилоятида футболни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида ҳам маълумот беришди.
Бу ташриф Андижонда футбол инфратузилмаси ва спорт ривожига берилаётган эътибор янада кучайиб бораётганининг яққол ифодаси бўлди.













