«Ливерпуль»нинг афсонавий собиқ футболчиси Стивен Жеррард жамоанинг бўлажак сардори сифатида кимни кўраётганини маълум қилди.
Машҳур инглиз футболчиси Чемпионлар лигаси 1/8 финалидан ўрин олган «Галатасарой»га қарши жавоб ўйини (4:0) қаҳрамонларидан бирига айланган ярим ҳимоячи Доминик Собослаини алоҳида таъкидлади.
«Собослаи жамоада узоқ вақт қолишига умид қиламан. Мен уни «Ливерпуль»нинг бўлажак сардори сифатида кўряпман», — деди Жеррард чоршанба куни «Энфилд»да бўлиб ўтган учрашув якунларини сарҳисоб қилар экан.
Доминик Собослаи 2023 йилдан бери мерсисайдликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Жорий мавсумда 25 ёшли венгриялик футболчи Арне Слот жамоаси сафида барча турнирларда 42 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ва 8 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.













