Кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Эрон ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин Дилшод Нуралиевни ҳам суҳбатга тортдик. Бош мураббийимизнинг кайфияти у қадар яхши эмасди. Жамоанинг етакчи ўйинчиларининг жароҳатлар боис сафдан чиққани Нуралиевни хавотирга солмоқда.
"Иккита ўйинда ғалаба қозонган бўлсак-да, хавотирларим йўқ эмас. Жамоанинг асосини ташкил қиладиган 5 нафар футболчи жароҳат олган. Улуғбек Давлатов ва Муҳиддин Одилов ЖЧга бормаслиги ҳозирданоқ аниқ бўлди. Муҳиддиннинг юрагида касаллик бор. У 2 ой дам олганидан кейин "Пахтакор" раҳбарияти футболчини Германияга тиббий кўрикка юбормоқчи. Шунингдек, жамоа сардори Отабек Шукуров ҳам жароҳати боис ҳозир машғулотларда иштирок эта олмаяпти. Шифокорларнинг фикрича, у 20 кундан кейин машғулотларни бошлаши мумкин. У билан 26 август куни БААда бўладиган қуръа ташлаш маросимига бориб келамиз. Сентябрь ойи бошида Австрияда ўтказадиган йиғинимизда Отабек иштирок этмайди. У ердан қайтганимиздан кейин эса Дукентда бўладиган йиғинга уни жалб қиламиз. Кейин эса сентябрь ойининг охири ва октябрь ойининг бошида Испанияда бўладиган йиғинда у яхши формага кириб олса, бундан хурсанд бўлардим. Ҳамдамов ва Абдуғаниев ҳам жиддий жароҳат олишган. Улар ҳам деярли бир ой шуғуллана олишмайди. Ҳар эҳтимолга қарши уларнинг ўрнига янги футболчилар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу осон бўлмайди. Боиси, жамоанинг ўйини мана шу ўйинлар эвазига ташкил этиларди. Ҳозирги ўйинларда менинг ҳам, футболчиларнинг ҳам кўнгли тўлмаяпти. Ўйинимизда мазмун йўқолиб қолди. ЖЧгача ўйинимизни такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз", дейди бош мураббий.
Эронга қарши бўлаётган ўйинларда жамоалар пенальтилар сериясида ҳам ўз омадларини синаб кўришмоқда. Кечаги "лоторея"да эса омад Эронга кулиб боқди.
"Биз ҳозирда пенальтилар сериясига кўп эътибор қаратаётганимиз йўқ. Ҳозирча шунчаки барчага пенальти тепиш имконияти беряпман. Дукентда ўтадиган ўқув-машғулот йиғинида эса бунинг устида алоҳида ишлаймиз", дейди Дилшод Нуралиев.