Хабарингиз бор, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси шу кунларда Тошкентда меҳмон бўлиб турган Эрон ўсмирлар терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинларини ўтказмоқда. Терма жамоа бош мураббийи Дилшод Нуралиев www.stadion.uz сайтига маълумот беришича, жамоанинг кейинги йиғинлари Австрия, Дукент (Тошкент вилояти) ва Испанияда ташкил этилади.
"Қуръа жараёнида иштирок этиб қайтганимдан кейин сентябрь ойи бошида йиғин ўтказиш учун Австрияга учиб кетамиз. У ерда австрияликлар билан 2та ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз. Бу мамлакат вакиллари ҳам ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишган. Кейин эса юртимизга қайтиб, Дукентда 2 ҳафталик йиғин ўтказамиз. Сентябрь ойининг охири ва октябрь ойининг бошида эса Испанияга жўнаб кетамиз ва у ерда 3та ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирганмиз. Маълумотларга қараганда, Аргентина ва Кот-д'Ивуар биз билан ўйнашга рози бўлишибди. Учинчи рақиб эса кейинроқ маълум бўлади. Испаниядаги йиғинда ЖЧга борадиган 21 нафар футболчини аниқлаб оламан", дейди Дилшод Нуралиев.