Бразилия терма жамоасининг собиқ футболчиси Ромарио жамоа бош мураббийи Карло Анчелоттига Неймар борасида маслаҳат берди. Ромарионинг фикрича, Анчелотти Неймарни ЖЧ-2026 қайдномасига киритгани маъқул.
«Юлдуз ўйнаши керак. Терма жамоа — энг иқтидорли футболчилар йиғиладиган жой. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик бир ой давом этади — бу вақт спортчининг жисмоний ва техник жиҳатдан тикланиши учун етарли.
Буни ҳамма билади, лекин доимо такрорлаш керак: 100 фоиз тайёр бўлмаса ҳам, Неймар каби юлдузга эга бўлиш бошқа футболчини чақиришдан кўра яхшироқдир. Иқтидор бекорга кетмайди. Мен Неймарнинг чақирув олишини ва уйга жаҳон кубогини олиб келишини кўришни истайман. Мен Неймарнинг Мундиалга бориши тарафдориман, лекин у бўлмаган тақдирда ҳам Бразилияга мухлислик қилавераман. Бироқ мана бу менинг мурожаатим: эътибор қарат, мураббий!» — дея Ромарионинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Touchline.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Бразилия терма жамоаси Марокаш, Гаити ва Шотландияга қарши баҳс олиб боради.













