«Барселона» келаётган ёзда Миланнинг «Интер» клуби марказий ҳимоячиси Алессандро Бастони трансферини амалга оширишга ҳаракат қилади.
Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, италиялик футболчи «кўк-анорранглилар»нинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган. Каталония клуби спорт директори Деку аллақачон ушбу амбицияли келишув устида иш бошлаб юборган.
Аввалроқ «нерадзуррилар» Бастони билан хайрлашишга қизиқиш билдирмаётгани, шу сабабли «Барселона» учун «кўтаролмайдиган» даражадаги юқори сумма талаб қилиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Transfermarkt экспертлари 26 ёшли футболчининг қийматини 70 миллион еврога баҳоламоқда. Марказий ҳимоячининг «Интер» билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган.













