"Реал Мадрид" атрофида яна бир шов-шувли баёнот пайдо бўлди.
Клубнинг собиқ физиотерапевти ва нутрициологи Ициар Гонсалес тиббий штаб манзилига кескин танқид билдирди. У аввалроқ Килиан Мбаппе жароҳати ташхисида йўл қўйилган эҳтимолий хатолар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Гонсалес ижтимоий тармоқларда шундай ёзди:
«Умид қиламанки, энди клубда билимли мутахассислар кўпроқ бўлади ва таниш-билишчилик орқали лавозимга келган, ўзини ўйлайдиган одамлар камаяди. Бундайлар футболчиларга фақат зарар келтиради.
Ҳатто қай бири ёмонроқ эканини билмайман — бу хабарми ёки клубда овқатга солинадиган қўшимчалар бепул версиядаги ChatGPT маслаҳати билан тайинланаётгани ҳақидаги ҳолат».
Маълумот учун, Гонсалес «Реал Мадрид»да 2025 йил августга қадар фаолият юритган. Унинг баёноти клуб тиббий штаби атрофидаги баҳсларни янада кучайтириши мумкин.













