Лондоннинг “Челси” клуби марказий ҳужумчиси Жоао Педро “Барселона” қизиқишлари доирасига тушди. Таниқли журналист Саймон Филлипснинг хабар беришига кўра, каталонияликлар спорт директору Деку 24 ёшли бразилиялик футболчининг вакиллари билан боғланиб, эҳтимолий трансфер масаласини муҳокама қилган.
Унга кўра, “Барселона” раҳбарияти бразилиялик футболчини Роберт Левандовскига муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда. Каталонияликлар учун асосий нишон ҳамон “Атлетико Мадрид” ҳужумчиси Хулиан Алварес бўлиб турибди, Педро эса унга асосий муқобил сифатида кўрилмоқда. Бироқ, ҳужумчининг ўзи “Стемфорд Бридж”ни тарк этиш нияти йўқлигини ва бор эътиборини Лондон клубига қаратганини аниқ маълум қилди.
Жоао Педро ўтган ёздан буён “Челси” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у барча мусобақалар доирасида 43 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 18 та гол ва 9 та голли узатмани ёздириб қўйди. Ҳужумчининг лондонликлар билан шартномаси 2033-йилга қадар амал қилади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, бразилиялик форварднинг айни дамдаги бозор қиймати 75 миллион еврони ташкил этади.













