ФИФА 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун ҳар бир терма жамоа қайдномасига 26 нафар футболчини киритиши мумкинлигини маълум қилди. Жамоалар дунё футбол форуми учун якуний таркибларни 30 майга қадар тақдим этишлари шарт.
Жаҳон чемпионати 11 июнь куни старт олади. Шу куни мусобақанинг очилиш ўйинида Мексика ва Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) терма жамоалари ўзаро тўқнаш келишади. Баҳс Мексикадаги машҳур «Ацтека» стадионида бўлиб ўтади.
Бўлажак Жаҳон чемпионати тарихда илк бор 32 та эмас, балки 48 та жамоа иштирокида ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йилги мундиалда Аргентина терма жамоаси амалдаги чемпион сифатида ўз унвонини ҳимоя қилади. Ўтган Жаҳон чемпионати финалида «альбиселесте» Францияни пенальтилар сериясида (асосий ватқдаги 3:3 ҳисобидан сўнг) мағлуб этган эди.













