Германия билан бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувидаги 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, Гана терма жамоаси бош мураббий Отто Аддони истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Гана футбол федерациясининг расмий сайти хабар бермоқда.
«Гана футбол ассоциацияси (GFA) эркаклар миллий терма жамоаси бош мураббийи Отто Аддо билан хайрлашди. Ушбу қарор дарҳол кучга киради», — дейилади ташкилот эълон қилган расмий баёнотда.
Аддонинг ўрнини ким эгаллаши ёки истеъфонинг асл сабаблари ҳақида қўшимча тафсилотлар берилмаган.
Мураббийнинг вазифасидан озод этилиши терма жамоанинг муваффақиятсизликлар серияси фонида юз берди — жамоа ўртоқлик ўйинларида кетма-кет тўрт бор мағлубиятга учради. Сўнгги баҳсда Германияга имконият бой берилган бўлса, бундан аввал Гана термаси Австриядан 1:5 ҳисобида қақшатқич зарба қабул қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Аддо 2024 йилнинг март ойида Дортмунднинг «Боруссия» клубидаги иқтидорларни ривожлантириш бўйича мутахассис лавозимини тарк этиб, иккинчи бор миллий жамоа жиловини қўлга олганди. У 2022 йилги Қатарда ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам Ганани бошқарган бўлиб, ўшанда жамоа Жанубий Корея устидан ғалаба қозонган, бироқ гуруҳ босқичидаёқ турнирни тарк этган эди.
Гамбургда туғилган Отто Аддо футболчилик фаолияти давомида «Боруссия Дортмунд» сафида Бундеслига ғолиби бўлган ва 2006 йилги Жаҳон чемпионатида Гана шарафини ҳимоя қилган. Айни дамда Гана терма жамоаси ўз тарихидаги бешинчи Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Жамоа «L» гуруҳида Хорватия, Англия ва Панама билан куч синашади. Илк учрашув 17 июнь куни Торонтода Панамага қарши бўлиб ўтади.













