Ўзбекистон кубоги ярим финал жавоб учрашуви "Насаф" - "Пахтакор" ўйини олдидан "аждарлар" дарвозабони Элдор Суюновнинг фикрлари билан қизиқдик.
"Бизни ниҳоятда муҳим баҳс кутиб турибди. Бугунги ўйинда "Пахтакор" устидан ғалаба қозонишимиз лозим. Кўп йиллардан буён "Пахтакор"ни мағлуб этолмай келмоқдамиз. Умид қиламанки, эртага биз ушбу "қора анаъга" чек қўямиз", дейди "Насаф" посбони.
"Пахтакор"нинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирадиган бўлсам, улар ҳар қандай вазиятда ҳам бизга қарши икки-уч баробар куч билан ҳаракат қилишади. Мурод Исмоилов жамоаси яхши шаклланган. Улар ўз уйларида "Олмалиқ"га қарши имкониятни бой берган бўлсаларда, финал йўлида бор кучлари билан ҳаракат қилишлари аниқ. Биринчи учрашувда дуранг қайд этганимиз бизга қўл келиши мумкин. Аммо финалга чиқиш учун имкониятлар ҳар иккала жамоада ҳам тенг! Ҳеч бир жамоани фаворит ёки аутсайдер деб бўлмайди. "Динамо"га қарши ўйиндан сўнг, биз дарҳол "Пахтакор" билан бўладиган баҳс ҳақида ўйлай бошладик. Жамоамизда ҳозир ички муҳит аъло даражада. Барча ғалаба ҳақида ўйламоқда", дея сўзини давом эттирди Элдор Суюнов.
"Бу йил мураббийлар штабида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Ҳозирги устозларимиз билан юқори чўққиларни кўзласак бўлади. Улар жамоанинг ўзига бўлган ишончини қайтара олишди. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси зўр. Ўйлайманки, "Пахтакор" билан ўйиндан кейин ҳам ушбу аъло кайфият сақланиб қолади ва биз финалга йўл оламиз", дейди қаршилик дарвозабон.
"Терма жамоага чақирув олишим жуда қувонарли ҳол бўлди. Ўз устимда тинмай машқ қилиб, янада махоратимни кучайтириб боришим зарур. Терма жамоамиз мураббийлари ишончидан бошим осмонга етди. Уларни ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан. Нестеровнинг жароҳати бу терма жамоамиз учун жуда катта йўқотиш. Унга тезроқ соғайиб, майдонга қайтишини тилаб қоламан", дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Элдорбек Суюнов.
Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.