"Тоттенхэм" мухлислари бирлашмаси (Tottenham Hotspur Supporters’ Trust) Роберто Де Дзербининг клуб бош мураббийи этиб тайинланишини қоралаб чиқди. Бунга мутахассиснинг "Марсель" вингери Мэйсон Гринвудни ҳимоя қилиб айтган гаплари сабаб бўлган. Эслатиб ўтамиз, футболчи 2022 йилда қиз болага нисбатан зўравонлик қилишда айбланган, бироқ 2023 йилда айбловлар олиб ташланган эди.
"Биз АПЛда тажрибага эга бўлган мураббийлар доираси чекланганлигини ва "Тоттенхэм"нинг қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида тургани сабабли тезкор ҳаракат қилиш зарурлигини тан олсак-да, бу тайинлов жиддий ва узоқ давом этувчи хавотирларни келтириб чиқармоқда. Кўплаб мухлислар ўз туйғулари қанчалик жиддий эканини етказиш учун бизга мурожаат қилишди. Биз бу масалаларни тайинлов эълон қилинишидан олдин клуб раҳбарияти олдига тўғридан-тўғри қўйган эдик.
Клуб аввалроқ аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши туришга, бундай воқеалар юзага келганда ҳалол ҳаракат қилишга ва ўз қадриятларини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирган эди. Де Дзербининг Мэйсон Гринвуд ҳақидаги фикрлари кераксиз, ўйламай айтилган ва кўп сонли мухлислар учун ҳақоратли бўлди, шунингдек, эркаклар томонидан зўравонликка учраган қурбонларни шубҳасиз ташвишга солди.
Бизнингча, бу баёнотлар барчамиз жамоани қўллаб-қувватлаш учун бирлашишимиз керак бўлган вақтда мухлислар ўртасида бўлинишни келтириб чиқаради. Клуб бизни айнан жамоа мухлисларга энг кўп муҳтож бўлган пайтда шундай ҳолатга солиб қўйгани ташвишлидир.
Клуб ва Де Дзерби клуб қадриятларини қўллаб-қувватлашларини аниқ ва шубҳасиз баён қилишлари керак. Бундан ташқари, бу баёнотлар амалий ишлар, жумладан, аёллар хайрия ташкилотлари ва зўравонликка қарши курашувчи ташкилотларни доимий қўллаб-қувватлаш билан мустаҳкамланиши лозим", — дейилади мухлисларнинг The Touchline нашри томонидан эълон қилинган баёнотида.













