Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” мухлислари ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, март ойининг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Ҳусанов ушбу соврин учун курашда жамоадошлари Родри ва Жереми Докуни ортда қолдириб, ғолибликни қўлга киритди.
“Ўзбекистонлик ҳимоячи март ойи давомида кўрсатган ишончли ва фаол ўйини билан "Сити" мухлисларининг меҳрини қозонишда давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу Абдуқодир учун 2026-йилдаги иккинчи шундай мукофотдир. У январь ойида ҳам мухлислар талқинига кўра ойнинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритган эди”, дейилади клуб матбуот хизмати берган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2025-йилнинг январь ойида “Манчестер Сити” аъзосига айланган эди. Ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик ҳимоячи уч бор ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Хусусан, Ҳусанов 2025-йилнинг февраль ҳамда 2026-йилнинг январь ва март ойларида жамоанинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилган.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” тарихида ойнинг энг яхши футболчиси совринини энг кўп бор Кевин Де Брюйне қўлга киритган — белгиялик ярим ҳимоячи ушбу мукофотни 17 марта ўзиники қилган. Иккинчи ўринда аргентиналик ҳужумчи Серхио Агуэро қайд этилган бўлса, кучли учликни 10 та соврин билан Давид Сильва якунлаб берган.













