Кириш Регистрация
02/04 18:00 Сўғдиёна - Қўқон-1912
02/04 19:00 Бунёдкор - Локомотив
03/04 18:00 Хоразм - Динамо
03/04 19:00 Навбаҳор - Машъал
03/04 20:15 Насаф - Андижон
04/04 00:00 Райо Вальекано - Эльче

Суперлига. Апрель ойида томоша қилишингиз шарт бўлган 5 та ўйин

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Суперлигасида март ойи қизиқарли ўйинларга бой ўтди. Апрель ойида ҳам мухлисларни бир қатор қизиқарли ўйинлар кутмоқда.

«Андижон» — «Навбаҳор»

Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тури доирасида мухлислар водий дербисига гувоҳ бўлишади. 7-апрель куни тур доирасида «Андижон» клуби «Бобур арена»да Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилади.

Йил бошида ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган «Андижон» ва «Навбаҳор» клублари мавсумни бир маромда ўтказа олмаяпти. Дастлабки 4 та турда ҳам икки жамоа 2 тадан ғалабага эришди ва яна 2 тадан ўйинда мағлубиятга учради. Ҳозирда жамоалар турнир жадвалида ёнма-ён бормоқда. Шундай экан, бу галги водий дербиси нафақат принципиал жиҳатдан, балки турнир жадвалидаги ўрин борасида ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

«Нефтчи» — «Пахтакор»

Мавсумни жуда юқори кайфиятда бошлаган Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси 15-март куни Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳсда «Пахтакор»ни мағлуб этиб мусобақа бош совринига эга чиқди. 9-апрель куни ушбу жамоалар Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида энди Ўзбекистон Суперлигаси доирасида ўзаро ўйин ўтказишади.

«Пахтакор» жамоаси Суперкубокда мағлуб бўлиш орқали ўз мухлисларини анча хафа қилиб қўйди. Шундай экан, бу ўйин нафақат Суперлигадаги кураш, балки мухлисларга юпанч бўлиш жиҳатдан ҳам юқори аҳамиятга эга. Лекин мавсумни жуда барқарор ўтказаётган «Нефтчи» жамоаси ҳам бу беллашувда фақат ғалаба учун ўйнаши аниқ. Шундан экан, биз 9-апрель оқшомида жуда қизиқарли ўйинни кутмоқдамиз.

«Пахтакор» — «Динамо»

Самарқанднинг «Динамо» жамоаси учун мавсум омадли бошланмади. Ўтган йили Суперлигада тўртинчи ўринни эгаллаган Вадим Абрамов жамоаси айни вақтда Суперлига жадвалида 4 очко жамғарган ҳолда 13-ўринни эгаллаб турибди. Ушбу жамоа 18-апрель куни Суперлиганинг 8-тури доирасида «Пахтакор» клуби меҳмони бўлади.

Аҳамиятлиси, ўтган мавсум ушбу жамоалар ўртасида Тошкентда кечган баҳсда «Динамо» клуби Анваржон Ҳожимирзаев томонидан киритилган ягона гол эвазига ғалаба қозонган эди. Хўш, «Динамо» бу гал ҳам Тошкентдан ғалаба билан қайта оладими ёки «Пахтакор» ўз майдонида қўлга киритилган навбатдаги ғалабасини тантана қиладими? Бу саволга 18-апрелда бўлиб ўтадиган ўйинни томоша қилиш орқали жавоб топамиз.

«Нефтчи» — «Насаф»

Мавсумни барқарор бошлай олмаган «Насаф» жамоаси медаллар учун курашдан осонликча чиқиб кетмаслиги аниқ. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоани 18-апрель куни мусобақанинг амалдаги чемпионига қарши муҳим ўйин кутмоқда.

Ушбу жамоалар ўртасида ўтган мавсум Фарғонада бўлиб ўтган баҳсда «Нефтчи» қийин ғалабага эришган ва якунда ушбу ғалаба жамоанинг чемпионлигида муҳим аҳамият касб этганди. Хўш, бу галги тўқнашувда қандай натижа қайд этилади? Буни 18-апрель куни «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтадиган баҳсдан сўнг билиб оламиз.

«Пахтакор» — «Насаф»

Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тури доирасида «Пахтакор» жамоаси ўз майдонида «Насаф» клубини қабул қилади. Ушбу клублар ўртасидаги ўйинлар ҳамиша мухлисларнинг катта қизиқишига сабаб бўлган. Бу галги баҳс ҳам бундан ҳоли эмас.

Айни пайтда турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турган «Пахтакор» клуби ўтган мавсум Тошкентда ўтган ўйинда «Насаф»ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратган эди. Хўш, бу галги баҳсда қандай натижа қайд этилади? Бу саволга 28-апрель куни бўлиб ўтадиган ўйинни кузатиш орқали жавоб топамиз.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 06:22, 02.04.2026.
Ўқилди: 1048 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик