«Барселона»нинг собиқ футболчиси, машҳур теннисчи Рафаэль Надальнинг амакиси Мигель Анхель Надаль «Реал»нинг жорий мавсумдаги муваффақиятсизликлари ҳақида ўз фикрини билдирди. Мадридликлар Ла Лиганинг 30-турида «Мальорка»га имкониятни бой беришди (1:2).
«Мальорка»нинг «Реал» устидан қозонган ажойиб ғалабаси. Мадридликлар жуда суст амбиция ва динамика намойиш этишди. Буни тушуниш қийин, аммо «Мальорка» учун бу натижа Ла Лигада жон сақлаб қолиш йўлидаги ўта муҳим уч очкони англатади.
Футболда, умуман спортда бўлгани каби, охиригача курашиш керак. Аммо «Барселона»нинг ғалабаси ва «Реал»нинг мағлубиятини ҳисобга олсак, менимча, мадридликлар чемпионлик билан аллақачон хайрлашиб бўлишди. Агар жамоанинг ҳозирги даражасини «Барселона» кўрсатаётган ўйин билан солиштирсак, вазиятни ўз фойдасига буриб юбориш ўта мураккаб бўлади. Ким айбдор? Мураббий доимо масъулиятни ўз зиммасига олади, лекин менда асосий айб икки футболчида деган нохуш ҳис бор. Мени энг кўп ҳайрон қолдираётган нарса — «Реал» ўйинида динамиканинг йўқлиги», — дея Мигель Надальнинг сўзларини келтирмоқда AS нашри.
«Реал» Испания чемпионати турнир жадвалида 69 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа пешқадам «Барселона»дан етти очкога ортда қолмоқда.













