Кипрда ўтказилаётган шахмат бўйича 2026-йилги Номзодлар турнири ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров учун муваффақиятли давом этмоқда.
Мусобақанинг 10-турида Синдоров оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа билан баҳс олиб борди. Рақибнинг қўпол хатосидан унумли фойдаланган Жавоҳир аниқ юришлар эвазига устунликка эришди. 53-юришдан сўнг Прагнанандҳа мағлубиятни тан олди.
Икки гроссмейстер ўртасидаги биринчи беллашувда ҳам ўзбекистонлик шахматчининг қўли баланд келган эди. Ушбу натижа эвазига Жавоҳир 8 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди. У энг яқин таъқибчиси, нидерландиялик Аниш Гирини 2 очкога ортда қолдирмоқда.
Ўзбекистонлик шахматчилар орасида илк бор Номзодлар турнирида қатнашаётган Жавоҳир Синдоров мусобақани мағлубиятсиз давом эттирмоқда. У ортда қолган турларда Андрей Есипенко, Рамешбабу Прагнанандҳа (икки марта), Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура ва Вей I каби жаҳоннинг энг кучли шахматчилари устидан ғалаба қозонди. Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли гроссмейстери, шунингдек, Матиас Блубаум (иккита ўйинда), Аниш Гири ва Андрей Есипенко (иккинчи ўйинда) билан дурангга имзо чекди.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрелга қадар давом этадиган ушбу турнир ғолиби амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги соврин жамғармасига эга мусобақа икки даврадан (14 та тур) иборат.













