«Манчестер Юнайтед» Англия Премьер-лигасининг 32-тури доирасида кечган баҳсда ўз майдонида «Лидс Юнайтед»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, «қизил иблислар» 1981 йилдан буён илк бор Англия чемпионати доирасида «Олд Траффорд»да «товуслар»га мағлуб бўлишди.
Бундан аввал манкунианликлар ўз уйларида йоркширликларга охирги марта 1981 йилнинг февраль ойида (0:1) имкониятни бой беришган эди. Ўша мавсум якунларига кўра, «Манчестер Юнайтед» Биринчи дивизион турнир жадвалида саккизинчи, «Лидс Юнайтед» эса тўққизинчи ўринни эгаллаган.
АПЛнинг 2025/2026 йилги мавсуми 32-туридан сўнг «Манчестер Юнайтед» 55 очко билан турнир жадвалида учинчи ўринда қолди. «Лидс» эса 36 очко билан 15-поғонани эгаллаб турибди.













