«Бавария»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Арьен Роббен Чемпионлар Лигаси доирасида мюнхенликлар ва Мадриднинг «Реал» жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган баҳсдан кутаётган натижалари билан ўртоқлашди. Роббен фаолияти давомида ҳар икки жамоада тўп сурганини, шу сабабли ўйин қандай ўтишини кўпчиликдан кўра яхшироқ баҳолай олишини қайд этди. Фахрий футболчи ҳозирги вақтда «Бавария» «Реал»дан устун эканлигини таъкидлади, бироқ бу ярим финалга чиқиш учун етарли бўлмаслиги мумкинлигига урғу берди.
«Бу ҳали ҳам ўша — «Реал Мадрид». Мураббий ҳам худди шу гапни айтиши керак: уларга қарши 90 ёки 95 дақиқа давомида ҳушёр ва диққатли бўлишингиз шарт. Ҳатто сиз: «Биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозоняпмиз, ҳаммаси жойида», деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам, улар ҳеч қаердан гол топиб келишлари мумкин. Футболда ўйин ҳеч қачон [вақтидан олдин] тугамайди. Мадрид бунга энг яхши мисолдир», — деди Роббен Yahoo Canada Sports нашрига.
Дастлабки учрашувда «Бавария» сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Жавоб ўйини чоршанба куни, 15 апрель санасида бўлиб ўтади.













