«Барселона» яна Чемпионлар лигасида зафар қуча олмайдиган бўлди – бу сафар «Атлетико» енгиб бўлмас тўсиққа айланди. Ханс-Дитер Флик жамоаси ўз майдонидаги дастлабки учрашувда 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ икки ўйин натижасига кўра «матрасчилар» кейинги босқичга йўл олди.
«Жуда аянчли якун, аммо биз кейинги мавсумда яна уриниб кўрамиз. Бизда ёш жамоа бор ва биз ўсишда давом этамиз. Ўйинчилар сабоқ чиқариши керак. Бизнинг вазифамиз эса — уларга бу борада ёрдам бериш», — деди германиялик мутахассис матбуот анжуманида.
Ўтган мавсумда — Флик бошқарувидаги дебют йилида — «Барселона» Чемпионлар лигасининг ярим финалида Миланнинг «Интер» клубига мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.













