Кириш Регистрация

“Манчестер Сити”нинг требл давридаги олтин медаллари кимошди савдосига қўйилди (фото)

Баҳо:
+ | -

“Манчестер Сити” клубининг исми сир тутилишини истаган вакили жамоанинг олтин даври — 2022/2023 йилги мавсумда қўлга киритилган ноёб медаллар коллекциясини сотувга қўйди. Daily Mail нашрининг хабар беришича, бешта турнирнинг олтин медалларидан иборат тўплам 28 апрель куни бўлиб ўтадиган хайрия аукциони доирасида кимошди савдоси орқали сотилади.

Спорт ёдгорликларига ихтисослашган аукцион уйи ушбу медалларнинг ҳақиқийлигини ва улар расмий жамланма эканини тасдиқлади. Бироқ уларни сотишга қарор қилган шахс ўз исмини сир сақлашни афзал кўрган.

Маълум қилинишича, савдоларнинг бошланғич нархи 30 000 фунт стерлинг этиб белгиланган. Экспертларнинг тахминига кўра, медаллар жамланмасининг якуний нархи 50 000 дан 80 000 фунт стерлинггача (тахминан 62 000 – 100 000 доллар) етиши мумкин.

“Бу жамланма коллексионерлар, мухлислар ва инвесторлар учун “Манчестер Сити”нинг тарихий мавсумига дахлдор медалларга эгалик қилиш учун ноёб имкониятдир. Биз ушбу савдога мезбонлик қилишдан фахрланамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022/2023 йилги мавсумда “Манчестер Сити” ўз тарихидаги энг йирик муваффақият — треблни расмийлаштирган эди. Жамоа бир мавсумда Англия Премьер-лигаси, Англия Кубоги ва УЕФА Чемпионлар Лигасида ғолибликни қўлга киритган.

Пеп Гвардиола шогирдлари 2022/2023 йилги мавсумда АПЛда “Арсенал”ни 5 очкога ортда қолдириб, чемпионликни тантана қилишган. Шундан сўнг, Англия Кубоги финалида азалий рақиб — “Манчестер Юнайтед” (2:1) мағлуб этилган. “Шаҳарликлар” Истанбулдаги Чемпионлар Лигаси финалида Родрининг голи эвазига “Интер” (1:0) устидан ғалаба қозониб, клуб тарихидаги илк ЕЧЛ совринига эга чиққан эди. Кейинчалик жамоа УЕФА Суперкубогида “Севилья”ни, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида эса “Флуминенсе”ни мағлуб этиб, бир йиллик совринлар сонини бештага етказган.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 07:35, 18.04.2026.
Ўқилди: 918 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик