“Қўқон-1912” – “Андижон” (0:0) учрашувидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар вақтинчалик бош мураббийи Ислом Аҳмедов қатнашди.
— Бугун бир очкони қўлга киритдик. Очиғи, ўйинни осон кечмаслигини билардик. Чунки бизга ҳам, Қўқонга ҳам очко жуда зарур эди. Бу ерга уч очко учун келгандик. Қаердадир омад етишмади. Йигитларда вазиятларни охирида самарали якунлашда бироз аниқлик етишмади. Футболчиларга раҳмат айтаман, улар борини беришди ва имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди.
— Илк расмий учрашувингизни ўтказдингиз. Асосий таркибда эса олдин ўйнамаётган ўйинчиларга гувоҳ бўлдик. Бу нима билан боғлиқ бўлди? Ёки улар аввал тайёр бўлишмаганмиди ёки олдинги мураббий уларга имконият бермаганмиди?
— Йўқ, ундай демаган бўлардим. Авваламбор, биздан олдин ишлаб кетган Самвел Вячеславовичга ва унинг штабига раҳмат айтамиз. Қўлларидан келган барча ишни қилишди, қаердадир омад етишмади. Шунинг учун биз баъзи бир ўзгаришларга қўл урдик. Барибир бир хил таркибдан кейин мағлубиятлар бўлавергач, уларда ўзларига ишонч камайиб қолаётганди. Ўйнамаётган ўйинчиларимизда эса иштиёқ кўрган ҳолда ротацияларга қўл урдик.
— Учрашувда қайд этилган дуранг ўйин картинасга қанчалик мос тушди, деб ҳисоблайсиз?
— Очиғи, биз футболчилардан тўпни яхши назорат қила олишларидан келиб чиқиб, ўйинда доминантлик қилиш ғоясини киритяпмиз. Бунинг учун бизда учрашувгача озгина вақт бўлди. Тўп билан биринчи зонадан қандай чиқиб кетишимиз ва иккинчи зонада қандай ривожлантиришимиз ҳамда учинчи зонада қандай якунлаш бўйича биттадан машғулотимиз бўлди, холос. Шунинг учун машғулотимиз оз бўлганига қарамасдан йигитлар кўрсатмаларни аъло даражада бажаришди. Ўйиндан-ўйинга кучайтириб борамиз. Шу сабабли машғулотимиздан келиб чиқиб, дурангни яхши натижа деб ҳисоблайман.
— Ўтган йилги таркибдан бир қатор йигитлар ўринбосарлар сафида ўйнашяпти. Улар формада бўлса яна қайтишадими?
— Албатта. Кузатиб боряпмиз, эътибор берган бўлсангизлар, бугун 2006 йилда туғилган ва ўринбосарлар таркибида ўйнаётган Бекзод Сулаймоновни захирадан майдонга туширишни бошладик. Ўринбосарлар сафида ўзини кўрсатаётгани боис асосий таркибга жалб қилганмиз. Худо хоҳласа, U21 жамоамизга ҳам эътибор қаратиб, у ердан ҳам иқтидорли болаларни жалб қилиб борамиз.
— Келажагингиз ҳақида. Сиз ҳозирча вақтинчалик бош мураббийсиз. “Андижон” кейинги учта учрашувда яхши натижа кўрсатса, раҳбарият сизni олиб қоладими? Шунингдек, бу клубда катта номлар бор. Улар билан ишлаш сизга қийинчилик туғдирмаяптими?
— Биринчи саволга келадиган бўлсак, бу кўпроқ раҳбарларимизга боғлиқ бўлади. Биз яхши натижа кўрсатишга максимал ҳаракат қиляпмиз. Барибир учта ўйиндан кейин қарорни раҳбарият қабул қилади. Машҳур футболчиларга келадиган бўлсак, улар нима учун бу даражага чиқиб ўйнашяпти? Уларга таниқли мураббийми ёки бошқасими фарқи йўқ. Улар профессионал. Меҳнатсеварлиги, тартиб-интизоми билан шу даражага чиқишди. Шу сабабли улар билан ишлаш янада осонроқ. Нимани хоҳлаётган бўлсак, қабул қилишяпти. Уларга ҳам ҳозирги футбол ёққанга ўхшаяпти.













