Тажрибали марказий ҳужумчи Роберт Левандовски келаси мавсумда ҳам Каталониянинг «Барселона» клубида қолиши мумкин. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, 37 ёшли ҳужумчининг манфаатларини ҳимоя қилувчи футбол агенти Пини Захави «кўк-анорранглилар» билан ўз мижозининг келажагини муҳокама қилади. Левандовскининг «Барселона» билан амалдаги меҳнат шартномаси жорий мавсум якунида ниҳоясига етади.
Каталония гранди юлдузли тўпурарга янги бир йиллик шартнома таклиф қилишга тайёр. Робертнинг ўзи ҳам бир қатор Европа клублари томонидан қизиқишлар бўлаётганига қарамай, «Барселона»да қолишга қарши эмас. Испания чемпионатининг жорий мавсумида Левандовски 25 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.













