Январь ойида Тео Уолкотт эҳтиётсизлик қилиб Уэйн Рунидан ҳозирги «Арсенал» 2008 йилги «Манчестер Юнайтед»га қарши қандай ўйнаган бўлиши ҳақида сўраган эди. «Канонирлар»нинг собиқ аъзоси ўша сўзлари учун ҳалигача «ҳақ тўламоқда».
Рио Фердинанд ўзининг янги подкастида Патрис Эврадан бундай таққослаш ҳақида нима деб ўйлашини сўради. Франциялик собиқ ҳимоячи «Арсенал»ни аяб ўтирмади.
«Ҳозир ўрнимдан туриб, чиқиб кетаман! Ха-ха! Йўқ, Рио, тушуняпсанми, «Арсенал»нинг муаммоси айнан шунда. Тео ушбу «Арсенал» жамоасини бизнинг 2008 йилги таркибимиз билан солиштиряпти. У жамият учун хавфли одам! Уни телевизорга чиқариш мумкин эмас. У болалар учун хавфли!
Шунинг учун айтаманки, «Арсенал»дагилар воқеликдан узилиб қолишган. Бир неча йил олдин айтган гапимни эслайсанми: «Арсенал» ўйинини томоша қилиш — худди Netflix кўришга ўхшайди, чунки доим кейинги мавсумни кутишга мажбурсан.
Биламан, ҳиссиёт билан гапиряпман, лекин улар ҳақиқатдан жуда узоқлашиб кетишган. Бундай таққослаш — шунчаки ҳурматсизлик. Бундай гаплардан кейин Уолкотт ҳеч қачон телевизорда кўриниш бермаслиги керак, ҳеч қачон!», деди Эвра.
АПЛнинг 33-турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Арсенал»ни мағлуб этди ва биринчи ўрин билан орадаги фарқни уч очкогача қисқартирди. Шу билан бирга, «шаҳарликлар»да ҳали битта захира ўйини мавжуд.













