«Милан» ярим ҳимоячиси Лука Модрич 2025 йилнинг Хорватиядаги энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда «россонерилар» матбуот хизмати хабар бермоқда.
40 ёшли футболчи ўз фаолияти давомида 14-маротаба ва кетма-кет ўнинчи бор ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди. Хорватия футбол иттифоқи (HNS) совринни эгасига топшириб улгурди.
2025/2026 йилги мавсумда Модрич клуб миқёсидаги барча турнирларда 35 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Унинг «Милан» билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Эслатиб ўтамиз, футболчи Хорватия терма жамоаси таркибида 2018 йилги Жаҳон чемпионати кумуш ва 2022 йилги бронза медали соҳиби ҳисобланади.













