The Times нашрининг хабарига кўра, агар Германия клуби камида 75 миллион фунт таклиф қилса, «Ньюкасл» Энтони Гордоннинг «Бавария»га трансфери бўйича музокараларни бошлашга тайёр.
Аввалроқ, вингер ўз яқинларига Мюнхен жамоасига ўтишга тайёр эканлигини маълум қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
«Бавария» 25 ёшли футболчини шу ёзги трансфер ойнасидаги асосий харидлардан бири сифатида кўрмоқда. «Ньюкасл» бу қизиқишдан хабардор, бироқ ҳозирча клублар ўртасида расмий алоқа ўрнатилмаган. Шунингдек, Гордоннинг ўзи ҳам ушбу трансферга ижобий қараётгани айтилмоқда.
«Бавария» Гордонни дастлаб тахминан 55 миллион фунтга баҳолаган эди, аммо «Ньюкасл» фақат бошланғич нарх 75 миллионга кўтарилган тақдирдагина келишувни муҳокама қилишга тайёр.
Ҳозирги босқичда «Бавария» Гордон учун курашда яққол фаворит бўлиб турибди ва бу борада аввалроқ футболчига қизиқиш билдирган «Ливерпуль» ҳамда «Арсенал»ни ортда қолдирмоқда. Тез орада Гордоннинг агентлари «Бавария» вакиллари билан учрашиши мумкин.
Жорий мавсумда Энтони АПЛда 26 та ўйин ўтказиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.













