«Барселона» ҳужумчи Маркус Рашфордни «Манчестер Юнайтед»дан тўлиқ трансфер қилиш бандини фаоллаштирмоқчи эмас. Бу ҳақда The Athletic хабар бермоқда.
Манбага кўра, Каталония клубида футболчи «кўк-анорранглар» таркибида ҳужумчи Рафинья йўқ бўлган пайтларда берилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаган, деб ҳисобланмоқда. Шунингдек, у Чемпионлар лигаси чорак финалида мадридлик «Атлетико»га қарши ўйинларда сўнгги имкониятини ҳам ишлата олмади. Шу боис клуб ҳужум чизиғини кучайтириш учун бошқа вариантларни кўриб чиқишга тайёр.
Рашфорд ҳозирда «Барселона»да ижара асосида ўйнамоқда ва унинг трансфер қиймати тахминан 30 миллион еврони ташкил қилади.
Жорий мавсумда Рашфорд барча мусобақаларда 43 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 11 та голли узатма амалга оширди.













