«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Нико Гонсалес Премьер-лига чемпионлиги учун кечаётган қизғин кураш борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Агар бугун «шаҳарликлар» сафарда «Бёрнли» устидан ғалаба қозонса, очколар борасида пешқадам «Арсенал»га етиб олади. Гонсалеснинг сўзларига кўра, жамоа айни дамда фақат навбатдаги ўйинга эътибор қаратган.
«Агар мавсум аввалида кимдир бизга чемпионат тугашига 5 тур қолганда чемпионлик учун курашамиз деса, биз бунга жон-деб рози бўлардик. Мақсадга жуда яқинмиз, аммо ҳозир бор эътиборни «Бёрнли»га қаратиш лозим. Қадамма-қадам илгарилаб боришимиз шарт.
Қилаётган ишларимиздан мамнунмиз. Менимча, чемпионлик учун имкониятлар айни дамда 50-га 50. Бизни ажойиб пойга кутмоқда, интрига охиригача сақланиб қолади. Мен жамоамизга ишонаман», — дея Никонинг сўзларини келтирмоқда City Xtra.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» ўтган турда бевосита рақобатчиси «Арсенал»ни мағлуб этган (2:1) эди. «Бёрнли»га қарши баҳс бугун Тошкент вақти билан соат 00:00 да старт олади.













