«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Бруну Фернандеш Туркиянинг «Галатасарой» клуби қизиқишлари доирасига тушди. Бу ҳақда Sporx нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Истанбул клуби 31 ёшли португалиялик футболчини бўлажак ёзги трансферлар ойнасидаги асосий мақсад этиб белгилаган. «Галатасарой» раҳбарияти «МЮ» юлдузини ўз сафига қўшиб олиш йўлида ҳатто белгиланган бюджетдан ташқарига чиқишга ҳам тайёр.
Қайд этилишича, трансфер суммаси тахминан 40 миллион еврони ташкил қилиши мумкин. Шунингдек, турклар Фернандешнинг Англиядаги маошини ҳам сақлаб қолиш ниятида: клуб футболчига йилига 12 миллион евро маош таклиф қилмоқда.
Маълумот учун, Бруну Фернандеш жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 32 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8 та гол ва 19 та голли узатмани ёздириб қўйган. Мутахассислар ушбу трансфер амалга ошиши Туркия чемпионати учун йил воқеаси бўлишини таъкидлашмоқда.













