Суперлиганинг 9-туридан ўрин олган "Хоразм" ва "Нефтчи" жамоалари ўртасидаги ўйин, кутилганидек, шиддатли ва кескин курашлар остида кечди.
Беллашувни иккала жамоа ҳам фаол бошлади. Лекин тажрибали фарғоналик футболчилар ўйин назоратини аста-секин ўз томонига оғдириб олди ва тез-тез рақиблар дарвозасига хавф солиб турди. Бу уринишлар 14-дақиқада самарали бўлиб чиқди. Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига ёриб кирган Асилбек Жумаев кучли зарба йўллади, тўпни дарвозабон қайтарды, лекин қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган хорватиялик ҳужумчимиз Стипе Перица аниқ зарба билан дарвозани ишғол этди — 0:1.
Ҳисобда олдинга чиқиб олган Ислом Исмоилов шогирдлари босим уюштиришда давом этишди ва навбатдаги голли вазият эса 43-дақиқада юзага келди. Алишер Одилов жарима майдончаси ичида тўпга югуриб чиққан дарвозабонни алдаб ўтиб зарба йўллади. Аммо тўп рақиб ҳимоячиларига тегиб майдонни тарк этди.
Иккинчи бўлим ҳам "Нефтчи"нинг ҳужумкорлиги билан бошланди. Мураббийлар иккинчи бўлимда янги кучларни майдонга туширишди. Ўйинга қўшилган Аброрбек Исмоилов ва Зоран Марушич жамоа шиддатини ва ўйин мафтункорлигини янада оширди ва айнан Аброрбек Исмоилов узоқ масофадан оширилган тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, тўпни тўхтатмасдан кучли зарба берди ва рақиблар дарвозасини иккинчи марта ишғол этишга муваффақ бўлди — 0:2.
Киритилган гол "Нефтчи" футболчиларини янада руҳлантирди ва улар учрашув давомида жуда кўплаб голли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо ушбу вазиятларда фарғоналикларга бироз омад етишмади. 87-дақиқада эса захирадан ўйинга қўшилган Иззатилло Пўлатов рақибига нисбатан қўпол ўйнаганлиги учун унга бош ҳакам қизил карточка кўрсатди ва майдондан четлатди. Камчиликда қолган меҳмонлар барибир ҳужумкорликни сусайтирмади ва рақиб дарвозасига тез-тез хавф солиб туришди.
Иккинчи бўлимга бош ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ҳам ўйин ҳисобига ўзгариш киритмади ва якунда "Нефтчи" Урганчда муҳим ғалабани қўлга киритиб, пешқадамликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Суперлига. 9-тур
“Хоразм” - “Нефтчи” - 0:2
Голлар: Стипе Перица, 14’ (0:1), Аброрбек Исмоилов, 59’ (0:2)
Бош ҳакам: Ғайрат Жўраев
Ёрдамчи ҳакамлар: Маҳмуд Турдиев, Феруз Достонов
Захира ҳаками: Севдиёр Хамрсқулов
VAR: Достон Раҳмонов
AVAR: Шохнурч Йўлдошев
Назоратчи: Олимжон Абдувасилов
Комиссар: Ойбек Давлетмуродов
“Нефтчи”: 1. Ботирали Эргашев, 6. Иброҳимҳалил Йўлдошев (2. Иззатилло Пўлатов, 72), 10. Жамшид Искандеров (8. Владимир Йовович, 80), 11. Асилбек Жумаев (7. Аброр Исмоилов, 60), 15. Нурмуҳаммад Абдуғаниев, 18. Стипе Перица (32. Зоран Марушич, 60), 21. Муҳсин Убайдуллаев, 22. Алишер Одилов (9. Хуршид Ғиёсов, 72), 23. Йован Йокич, 34. Фарруҳ Сайфиев, 77. Ратино.
Захира: 45. Акбар Тўраев, 5. Икром Алибоев, 20. Анвар Ғофуров, 30. Рустамбек Фомин.
Бош мураббий: Исломбек Исмоилов
Четлатиш: Иззатилло Пўлатов (87).













