«Челси» клубининг собиқ бош мураббийи Лиам Росеньор ва лондонликлар футболчилари ўртасидаги муносабатларнинг айрим тафсилотлари очиқланди.
CaughtOffside нашри тарқатган маълумотга кўра, инглиз мутахассиси жамоа раҳбарияти билан суҳбатда ўз шогирдларини «инжиқ болалар» дея таърифлаган. Росеньор клуб хўжайинларини таркибнинг катта қисмидан воз кечишга ва уларнинг ўрнига «ҳақиқий эркаклар»ни олиб келишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Лиам Росеньор жорий йилнинг январь ойида «кўклар» постини эгаллаган эди. Бироқ Англия Премьер-лигаси доирасидаги кетма-кет бешта мағлубият (бу ўйинларда жамоа бирорта ҳам гол ура олмаган) сабабли у 22 апрель куни истеъфога чиқарилди.
Айни дамда «Челси» АПЛ турнир жадвалида 34 турдан сўнг 48 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди.













