Мюнхеннинг «Бавария» клуби бош мураббийи Венсан Компани Чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги «ПСЖ»га қарши бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Иккала жамоа ҳам позицион ўйин ва майдонда ечимлар топиш борасида улкан креативликка эга. Бундай ўйинларда ҳамма нарсани майда деталлар, темп ва энергия ҳал қилади. Биз «ПСЖ» билан аллақачон тўртинчи марта тўқнаш келмоқдамиз. Бу борада бизда ҳам, рақибда ҳам етарлича тажриба бор. Бу ерда ҳеч қандай «сеҳрли ечим» мавжуд эмас.
Бизнинг устунлигимиз шундаки, уларга қарши кўп марта ўйнаганмиз, аммо бу икки томонлама ишлайдиган омил. Биз рақибга қандай босим ўтказишни биламиз. «ПСЖ» майдоннинг турли нуқталарида яхши ўйнай олади, аммо бу бизни ғафлатда қолдирмайди. Уларнинг ҳар бир чизиғида сифатли ижрочилар бор, худди биз каби», — деди Компани журналистлар билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, «ПСЖ» ва «Бавария» ўртасидаги дастлабки учрашув 28 апрель куни Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.













