Шанба куни А Сериянинг 35-тури доирасида «Комо» ўз майдонида «Наполи»ни қабул қилади. Учрашув олдидан «бьянкоблу» бош мураббийи Сеск Фабрегас неаполликлар устози Антонио Конте ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Фабрегас «Челси»да айнан Конте қўл остида тўп сурган.
«Мен Антониодан кўп нарса ўрганганман. Унинг қўл остида жисмоний жиҳатдан жуда кўп "азият чекишга" тўғри келарди — у максимал даражадаги интенсивликни талаб қиларди. Ҳеч ким мени у каби қийнамаган. Ҳозирда мен ҳам ўз жамоамдан худди шуни талаб қиляпман — балки бироз бошқачароқ кўринишдадир, лекин тамойиллар ўша-ўша. Конте давридаги жисмоний тайёргарлик туфайли мен декабрь ойига келиб ўзимни аъло даражада ҳис қилардим. Кўникиш ва мослашиш учун вақт керак бўлган, аммо мен унинг ғояларига чин дилдан ишонардим», — деди испаниялик мутахассис матбуот анжуманида.
«Комо» — «Наполи» учрашуви Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.













