Айни дамда «Бенфика» бош мураббийи бўлиб ишлаётган Жозе Моуринью Мадриднинг «Реал» клубига қайтишга жуда яқин турибди.
Журналист Хосе Феликс Диаснинг сўзларига кўра, португалиялик мутахассис Мадрид клуби устози лавозимига асосий номзод бўлиб турибди.
«Менимча, 90 фоиз эҳтимол билан Жозе Моуринью «Реал»нинг янги мураббийига айланади. Бошқа ҳеч қайси мураббий билан музокаралар олиб борилаётгани йўқ, фақат у билан. Ҳозирги вазиятда барча йўллар Моуриньюга олиб бормоқда», — деди Феликс Диас.
Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуринью 2010 йилдан 2013 йилгача «Реал»ни бошқарган. Унинг қўл остида «қаймоқранглилар» Испания чемпионати, Испания Кубоги ва Испания Суперкубогида ғолиб чиқишган. Португалиялик мураббий даврида Мадрид клубининг Чемпионлар лигасидаги энг яхши натижаси ярим финал бўлган эди.













