Ўзбекистон кубоги 1-тури доирасидаги «Динамо» - «Ғазалкент» (2:3) учрашувидан кейин «Динамо» мураббийи Марат Мифтахутдинов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, аввало «Ғазалкент»ни ғалаба билан табриклайман. Нима дейишим мумкин? Улар ҳимояга урғу бериб ўйнашди ва қарши ҳужумдаги вазиятларини голга айлантиришди. Уларда ҳаммаси ўхшади.
Афтидан, биз ўйинга тўғри ёндаша олмагандекмиз. Ўйин давомида эса буни тўғрилай олмадик. Ўйин услубимиздан келиб чиққан ҳолда майдон ҳолати, ёмғирни баҳона қилмоқчи эмасман. Лекин ҳимоялана олмадик ва қарши ҳужумларда жазоландик.
- Бундай об-ҳаво ва майдондаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда «Динамо» ўйинчиларини мағлубият учун айблаш ноўриндир, аммо рақиб Про лигадаги ёш болалар эди...
- Ҳаммасини тушуниб турибман. Биринчидан улар яхши шаклланган жамоа, ёш ўйинчилар майдонда жуда катта иштиёқ билан тўп суришди. Уларнинг иштиёқи билан биздаги иштиёқни таққосласак, фарқ сезилди. Бу ҳам мағлубиятга сабаблардан бири бўлди. Ўзингиз вазиятни биласиз, балки шу ҳам натижага таъсир қилгандир. Тушунарсиз вазият, - деди Марат Мифтахутдинов кубок ўйинидан кейин.













