Футбол бўйича Нидерландия миллий терма жамоаси бош мураббийи Рональд Куман "Барселона" сафида ижара асосида тўп сураётган ҳужумчи Маркус Рэшфорднинг келажаги борасида фикр билдирди.
Тажрибали мутахассиснинг таъкидлашича, Англия терма жамоаси аъзоси бўлган Рэшфорднинг ҳозирги трансфер бозори шароитидаги қиймати унинг иқтидори ва тажрибасига нисбатан анча паст баҳоланмоқда. Мураббий "Барселона" раҳбарияти футболчини доимий асосда жамоада олиб қолиши зарурлигига шама қилган.
— Агар "Барселона" ушбу ижара муддатидан сўнг унинг "Манчестер Юнайтед"га қайтишига рухсат берса, менимча, улар келажакда бундан жуда афсусланишади, — деди Куман.
— Чунки ҳозирги бозор шароитида 30 миллион евро эвазига бундай хусусиятларга, юқори натижаларга ва катта тажрибага эга ўйинчини қўлга киритиш — бу жуда ажойиб ва фойдали келишувдир.













