Ўзбекистонлик аралаш жанг санъати устаси, 32 ёшли Нурсултон Рўзибоев 27 июнь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган UFC Fight Night турнири доирасида октагонга кўтарилади.
Рўзибоевнинг рақиби россиялик Андрей Пуляев бўлади. 28 ёшли Пуляев UFC’да 2025 йил 22 мартдан бери фаолият юритиб келмоқда. Ҳозиргача у промоушенда 1 та ғалаба ва 2 та мағлубият қайд этган. У сўнгги жангини 2026 йил 24 январь куни Атеба Гаутиега қарши ўтказган ва ҳакамларнинг якдил қарорига кўра мағлуб бўлган. Унинг MMA рекорди 10 та ғалаба ва 3 та мағлубиятдан иборат. Ушбу беллашув UFC ўрта вазн тоифасидаги рейтинг жанги бўлади.
Аввалроқ UFC 319 турнирида октагонга чиқиши керак бўлган Нурсултон Рўзибоев ва америкалик Брайан Баттл ўртасидаги баҳс бекор қилинган ва бунга Баттлнинг белгиланган вазн меъёрини бажара олмагани сабаб бўлган эди.
Рўзибоев ҳозирга қадар фаолияти давомида 47 та жанг ўтказиб, улардан 36 тасида ғалаба қозонган, 9 марта мағлуб бўлган ва 2 марта дуранг қайд этган. Пуляевга қарши баҳс Рўзибоевнинг UFC’даги олтинчи жангига айланади. Бунгача у ушбу промоушенда 5 маротаба октагонга кўтарилиб, 4 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, UFC Боку турнирининг асосий жанги Рафаэл Физиев ва Мануэл Торрес ўртасида ўтказилади.














