Туриннинг «Ювентус» клуби сербиялик марказий ҳужумчи Душан Влахович билан хайрлашиш арафасида турибди. Футболчи ва клуб ўртасидаги амалдаги шартнома муддати якунланиб бормоқда.
Football-Italia нашри берган хабарга кўра, 26 ёшли ҳужумчининг хизматлари Мадриднинг «Атлетико» клубига таклиф қилинган. «Матрасчилар» сербиялик футболчини эркин агент мақомида, яъни текинга қўлга киритишлари мумкин.
Влахович «кекса синьора» сафида 2022 йилнинг январидан буён тўп суриб келмоқда. Унинг туринликлар билан тузган меҳнат шартномаси 2026 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади. Ҳозирда Transfermarkt портали ҳужумчининг трансфер қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
Жорий мавсумда Душан Влахович Италия А Сериясида 17 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 5 та гол ва 1 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.













